8 март куни журналист ва шоир Акмал Тошев 37 ёшида вафот этди, дея хабар бермоқда Ёзувчилар уюшмаси матбуот хизмати.

Марҳум шу кунгача «Инсон ва қонун» газетаси ҳамда «Ҳуқуқ ва бурч» журнали бирлашган таҳририятида бош мутаҳассис вазифасида ишлаб келаётганди.

Бош прокуратуранинг маълум қилишича, журналист вафоти юзасидан Бектемир тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмокда. Суд-тиббиёт экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, Акмал Тошевнинг ўлими «юрак тампонадаси, ўпка артерияси аневризмасининг ёрилиши, юрак туғма нуқсони, юрак бўлмачалари дефекти»дан келиб чиққан.

Акмал Тошев 1985 йил 6 апрелда Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани Оқтош қишлоғида туғилган. У бадиий ижод билан ҳам шуғулланган. Қатор марказий газета ва журналларда шеърлари чоп этилган.

«Моҳият лаҳзалари» (2008), «Фариштали кунлар» (2011) номли шеърий тўпламлари нашр этилган. Шеърлари «Қашқадарё баёзи» (2007), «Ёшлар китоби» (2008) ҳамда «Олтин кўприк"(2010) альманахларига киритилган.