Самарқанд шаҳрида собиқ ички ишлар ходими фуқародан 5000 доллар олганликда гумонланиб қўлга тушди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Келтирилишича, Ички ишлар вазирлиги Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси (ИИВ ШХББ) Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан бир фуқаро ИИВда ишлашини айтиб, ички ишлар тизими билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиб беришини айтаётгани ва бунинг эвазига фуқаролардан пул олаётгани тўғрисида маълумот олинган. Буни текшириш мақсадида тезкор-қидирув тадбирлари ўтказилган.

Фуқаронинг шахсига аниқлик киритилганда у 1992 йил Пастдарғом туманида туғилгани, муқаддам ички ишлар органларида ишлаб, кейин бўшагани ва вақтинча ишсиз экани маълум бўлди.

Самарқанд шаҳрида яшовчи 40 ёшли фуқаро шаҳар бўйича ИИО ФМБ 7-сонли ИИБга мурожаат қилиб борганда ўзини ИИВда ишлашини айтиб, нима сабабдан ИИБга келганини сўраган.

«Уни қўрқитиб, ишини ижобий ҳал қилиб бериш эвазига ундан 5000 доллар талаб қилган. Фуқаро ўрталарида бўлиб ўтган суҳбатни ёзиб олган ва овозни ходимларга топширган. 2 март куни тадбир ўтказилиб, ушбу шахс фуқародан 5000 доллар олаётган вақтида қўлга олинди», — дейилади хабарда.

Ҳолат юзасидан вилоят ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.