Самарқанд вилояти Жомбой туманида фуқароларни қўрқитиб, улардан пул ундириш билан шуғулланиб келгани айтилган гуруҳ аъзолари ушланди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Қайд этилишича, 22 ёшли йигит вилоят ИИБга ариза билан мурожаат қилган. Унда Жомбой туманида яшовчи 25−30 ёшлардаги аёл фуқароларнинг ишончига кириб, шаҳвоний уйдирмалар уюштириб, 2−3 нафар спортчи йигитлардан иборат жиноий гуруҳ тузгани ҳақида маълумот берган.

Шунингдек, фуқароларни қўрқитиш орқали яланғоч ҳолатдаги тасвирларга туширгани, улардан товламачилик йўли билан пул талаб қилаётганини билдирган. Мазкур гуруҳ ушбу йигитни шантаж қилиб, ундан ёзган «Тилхати», ҳайдовчилик гувоҳномаси ва автомашинаси техпаспортини қайтариб олиши эвазига 1500 доллар пул сўраганини маълум қилган.

Аризага асосан вилоят ИИБ тезкор қидирув хизмати Жиноят қидирув бошқармаси уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан тадбир ўтказилди. Жараёнда аёл ҳамда унинг шериклари бу йигитдан 1500 доллар эвазига унинг қарздорлик «Тилхати», ҳайдовчилик гувоҳномаси ва техпаспортини қайтариб бераётган вақтда далилий ашёлар билан ушланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинди.

самарқанд, шантаж

«Аёлнинг жиноий шериклари миллий кураш, қўл жанги, бокс, муай-тай ва бошқа турлари билан шуғулланган спортчилар бўлиб, улар бундан ташқари ҳам жуда кўп жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этгани аниқланди. Улар бир нечта жиноий қилмишларни ташкил этувчи ҳамда зўравонликни тарғиб қилувчи ҳолатларни, жумладан, туҳмат қилиш, ўзгалар мулкини талон-торож қилиш, товламачилик, талончилик ҳамда ҳужжатларни эгаллаш каби қатор жиноятларни содир этган», — дейилади хабарда.

самарқанд, шантаж

самарқанд, шантаж

Бу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг бир неча моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.