Тошкент шаҳридаги Форумлар саройи яқинида бўлиб ўтиши режалаштирилган йиғилишга қуролланиб келиши айтилган «Рёдан» ҳаракатига эргашувчи вояга етмаган шахслар ушланди, дея хабар қилмоқда пойтахт ИИББ.

Қайд этилишича, 5 март куни «Рёдан» гуруҳ аъзолари томонидан соат 18:00 да Форумлар саройи олдида йиғилиш ўтказилиши ва пневматика, совуқ қуроллар, ўқотар қуроллар билан қуролланиб келишлиги ҳақида хабар чиқарилган. Мазкур хабарларни текшириш ва жамоат тартиби бузилишини олдини олиш мақсадида Тошкент шаҳар ИИББ томонидан махсус тезкор-профилактик тадбирлар ўтказилди.

5 март куни тахминан соат 18:00 ларда пойтахтнинг халқаро Форумлар саройи олдида 50 га яқин вояга етмаганлар тўплангани аниқланди. Улар Яшнобод тумани ИИО ФМБга олиб борилиб, профилактик суҳбат ўтказилди. Ўрганишлар жараёнида 9 нафар вояга етмаган шахслар ижтимоий тармоқлардаги «Рёдан» каналига аъзолиги аниқланди. Барча вояга етмаган шахслар шу куннинг ўзида ота-онаси ёки яқинлари билан бирга уйига қўйиб юборилган, ҳеч ким процессуал тартибда ушланмаган.

«Рёдан» ҳаракати аъзолари томонидан тарқатилган хабарлар ва шу мазмундаги бошқа хабарларнинг барчаси Ички ишлар органлари томонидан текширилади, ҳар бир ҳолат ўрганилади ва қонуний баҳо берилади, дейилади ИИББ хабарида.

Блогер Шаҳноза Соатова ИИББ баёнотидан аввал унинг фарзанди ушбу жараёнга гувоҳ бўлганини маълум қилди (постни айрим жузий таҳрир билан тақдим этилади).

«Кеча ўғлим ўша ерда эди, 8 та синфдош шаҳар айлангани чиқишган, жаҳли чиқиб кириб келди. „Просто KFC да ўтиргандик, бир гала ўсмирлар қочиб кирди, орқасидан штатскийда қувлаб киришди, суриштирмай биз тенгиларни ушлаб босиб кетаверишди, қочдик. Битта бола кўчада телефонга суратга олаётганди, қўлига уришди, телефони отилиб кетди, болани ерга босиб, қўлини қайилтиришди, автобусга солиб кетишди“, деди (ҳозирча тармоққа ушбу тадбирдан олинган бирорта видео ё фото оқмади, билишимча). Ўғлим яна битта ўртоғи билан йўналишли автобусга чиқиб қутулиб қолишибди. 6 нафар синфдошини олиб кетишган», — дейилади постда.

«Манимча ҳақиқат ўрталиқда: ИИВга сигнал тушган бўлса керак. Лекин уларнинг бу хатти-ҳаракатлари мақсадга мувофиқми, айнан шундай ҳаммани тумтарақай қилиб, ўсмирларда баттар норозилик кайфиятини уйғотиб, ота-оналарни ваҳимага солиб, вояга етмаганларга ота-онасига қўнғироқ қилишга ҳам бермай босиб олиб кетиш (Андижонда ўлган ўсмир воқеаси ҳамманинг эсида) тўғрими? Ўша автобусларда олиб кетилганлардан нечтаси «Рёдан»чи экану, қолганлари учун узр ҳам сўралмайдими?», — дея қайд этган блогер.