Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрида ички ишлар органи ходимининг чойхонада ўтирган пайтида ёнига келиб, тасвирга олган ва ижтимоий тармоқларга тарқатган фуқаролар 15 суткага қамалди, дея хабар бермоқда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати.

Маълум бўлишича, бир неча эркак овқатланиш шохобчаларидан бирида йўл-патрул хизмати ходимини учратиб қолган. Улар камералар билан ходимнинг ёнига келиб, видеога олган ва ижтимоий тармоқларда тарқатган. Шундан сўнг 102 тезкор рақамига ёлғон хабар бериб, воқеа жойига Шаҳрисабз шаҳар ички ишлар бўлими тергов-тезкор гуруҳини чақирган.

«Чойхонага „доставка“ олиш учун кирсам, ҳамкасбим ўтирган экан. Официантга кўк чой олиб келишини сўрадим, бошқа ҳеч нарса керакмаслигини айтдим. Орадан 10−15 дақиқа ўтди, бир одам кириб келди, орқасидан яна 5 нафар одам суратга олиб кириб келди. Овқатланишга ҳаққим йўқми, деб савол бердим. Кириб келиб, сенлар бу ерда нима қилиб ўтирибсан, сенларга мумкинми бу ерда ўтириш, деяпти. Тўрт нафари эшикни ушлаб ўтирди, ташқарига чиқишимга ҳам қўйишмади», — деди ходим.

Таъкидалнишича, воқеа 26 февраль, якшанба — ИИО ходимининг дам олиш кунида содир бўлган. Ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилиб, тўпланган ҳужжатлар чора кўрилиш учун жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз шаҳар судига юборилган.

5 нафар эркак Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларида кўрсатилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбланиб, 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.