Бир йилда нечта китоб ўқийсиз? Кунингизнинг қанча қисмини мутолаага сарфлайсиз? Хоҳлаганингиздан кўра кам, тўғрими? Иш-ташвишнинг тугамаслиги ёки шунчаки ҳафсала, хоҳиш йўқлиги баҳона бунга. «Газета.uz» китобхонликни тарғиб этиш, ўқувчини кўп ва хўб ўқишга ундаш ниятида «Нима ўқиймиз?» саволи билан олим, тадқиқотчи, жамоат фаоли, ёзувчи-шоир, таржимон ва бошқаларга юзланади, уларнинг йил давомида ўқиган ё ўқилиши шарт деб санаган китоблари тавсиясини сизга етказади. Мақсад жуда оддий — китобхон бўлайлик!

«Нима ўқиймиз?» лойиҳасининг навбатдаги меҳмони — таниқли иқтисодчи, «Газета.uz» колумнисти, «Иқтисодчи кундалиги» блоги, «Ҳошимов иқтисодиёти» видеоблоги муаллифи Беҳзод Ҳошимов. У Дарон Ажемўғли ва Жеймс Робинсоннинг «Мамлакатлар таназзули сабаблари: Қудрат, фаровонлик ва камбағаллик манбалари» китобининг ўзбек тилига таржимасига муҳаррирлик қилган, Ёшлар ишлари агентлигининг «100 китоб» лойиҳаси экспертлар гуруҳи аъзоси ҳисобланади. У «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати томонидан тузилган Ўзбекистон блогерлари ва инфлюенсерларининг 30 талик рўйхатига киритилган эди.

Беҳзод Ҳошимов Марказий Осиё ишлари бўйича Оксус жамияти, Америка Иқтисодчилар Ассоцияцияси ва АҚШдаги Стратегик менежмент жамияти аъзоси. АҚШ Патент ва Товар белгилари идорасидан иқтисодий модел патенти соҳиби, Халқаро иқтисодиёт олимпиадасининг (IEO) ҳакамлар ҳайъати таркибидан ўрин олган. У айни вақтда Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Бюджет масалалари қўмитаси ҳузуридаги Экспертлар кенгаши ва «Микрокредитбанк» кузатув кенгаши аъзоси ҳисобланади.

Яқин бир йилда ўқилган китоблардан тавсиялар

Oded Galor. The Journey of Humanity: The Origins of Wealth and Inequality. Dutton нашриёти. 2022 йил. 304 саҳифа

беҳзод ҳошимов, китоб, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсиялар

Браун университети профессори Одед Галор ўзининг «Инсониятнинг тарихи: Бойлик ва тенгсизликнинг асослари» китобида бойиш ва бойликни сўнгги 40 минг, 10 минг, охирги 500 йил нуқтаи назаридан таҳлил қилади. Тарихий йўналишдаги ушбу ажойиб китобни ўқиш давомида ҳозир қандай яхши, фаровон замонда яшаётганимизни, инсоният тарихидаги қанчалар омадли авлод эканимизни англаб етиш мумкин. Бир қарашда бу китоб Ювал Ноа Харарининг «Сапиенс»сига ўхшайди, аммо Галор нафақат тарихчи, балки иқтисодчи ҳам бўлгани боис, у ўз китобини Харари йўл қўйган хатоларни қилмай, жуда зўр ёзган.

Mark Koyama, Jared Rubin. How the World Became Rich: The Historical Origins of Economic Growth. Polity нашриёти. 2022 йил. 240 саҳифа

беҳзод ҳошимов, китоб, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсиялар

Марк Кояма ва Жэред Рубиннинг ўтган йили чиққан «Дунё қандай бойиди? Иқтисодий ўсишнинг тарихий манбалари» ҳам Одед Галорнинг китоби билан бир хил мавзуда, қайсидир маънода Галорнинг китобига «комплимент» дейиш ҳам мумкин. Тавсия қиларканман, бу китоб ҳақида оддий қилиб шундай деган бўлардим: даҳшатли даражада зўр китоб! Ҳар иккала китобда — ҳар хил ёндашув билан — бир хил нарса ҳақида ёзилган. Фақат бунисида мавзу нисбатан чуқурроқ, нисбатан яхши тадқиқ қилинган, кўп нарсани ўрганиш мумкин.

Михаил Зигарь. «Империя должна умереть». «Альпина» нашриёти. 2017 йил. 1020 саҳифа

беҳзод ҳошимов, китоб, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсиялар

«Империя ўлиши керак» — Россия империясининг қулаши арафасидаги воқеа ва вазиятлар: рус-япон уруши, Николай Иккинчининг саройидаги машмашалар, император ва умуман рус элитаси нималарга, қандай конспирологияларга ишониши каби мавзулар атрофида айланувчи китоб. Зигарь ушбу китобини ҳам ўзига хос ўйинқароқлик билан қизиқарли қилиб ёзган. Бу китобни ҳозир ҳам ўқишда давом этяпман.

Петр Авен. «Время Березовского». «Corpus» нашриёти. 2017 йил. 816 саҳифа

беҳзод ҳошимов, китоб, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсиялар

Авеннинг «Березовский даври» китобини ўтган йилнинг охирларида ўқиб битирдим. 1990 йиллар ҳақида, баҳсли жойлари кўп, аммо ичида кўп яхши очерклар берилган. Шу давр, шу мавзуга қизиқувчилар учун қизиқ, яхши китоб, деган бўлардим.

Sebastian Mallaby. The Power Law: Venture Capital and the Making of the New Future. Penguin Press нашриёти. 2022 йил. 496 саҳифа

беҳзод ҳошимов, китоб, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсиялар

Бу китоб АҚШдаги венчур капитал тарихи ҳақида. Биринчи венчур шартномалар тарихи, венчур инвесторлар бошида қандай фикрлагану, ҳозир қандай фикрлаётгани ҳақида кўп қизиқ нарсалар ёзилган, шу мавзуга қизиқувчилар, мен каби шу мавзуда илмий тадқиқот олиб бораётганлар анча-мунча янгилик олиши мумкин. Зўр муаллифнинг зўр китоби, деган бўлардим.

Ethan Mollick. The Unicorn’s Shadow: Combating the Dangerous Myths that Hold Back Startups, Founders, and Investors. Wharton School Press нашриёти. 2020 йил. 116 саҳифа

беҳзод ҳошимов, китоб, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсиялар

Мен ҳозир Висконсинда тадбиркорлик бўйича дарс бераман. Яқинда ўқиб чиққаним ва ҳозирда ўз талабаларимга ҳам тавсия қилаётганим ушбу китоб эса тадбиркорлик мавзусида яхши тадқиқотчи томонидан ёзилган яхши китоблардан бири ҳисобланади. Ҳажман қисқа бўлса-да, тадбиркорлар ва тадбиркорлик ҳақидаги афсонасифат қарашларни йўққа чиқариб ташлай олади. Тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган одамларга бу китоб қизиқ бўлади.

Ran Abramitzky, Leah Boustan. Streets of Gold: America’s Untold Story of Immigrant Success. PublicAffairs нашриёти. 2022 йил. 256 саҳифа

беҳзод ҳошимов, китоб, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсиялар

«Олтин кўчалар» — Америкага иммиграция ҳақида жуда яхши ёзилган китоб, муҳожир оилалар ўзининг «Америка орзуси»ни қандай қилиб рўёбга чиқариши ҳақида зўр тадқиқот. Тарихчи Рэн Абрамицки ва иқтисодий тарихчи Леа Боустан томонидан ёзилган ушбу китобда Америкага келган иммигрантлар қандай қилиб муваффақиятга эришиши, улар қанчалик тез ўрта ва юқори синф вакилларига айланиши ва, шу билан бирга, иммиграция АҚШ учун нақадар муҳимлиги ҳақида ҳикоя қилади.

Ёшларга тавсиялар

Бадиий (fiction) ва илмий-оммабоп (non-fiction) деган бўлинувни субъектив ва нотабиий деб ҳисоблайман. Масалан, Кафканинг «Жараён» ёки Оруэллнинг «1984» ёки Макиавеллининг «Ҳукмдор» асарлари ҳуқуқ, адолат ва қудратни тушунтиришда Афлотуннинг «Давлат» ёки Ролзнинг «Адолат назарияси»дан камроқ ўрганиладиган асарлар эмас. Ёки бўлмаса Шекспирнинг «Венециялик савдогар»ини оласизми, «Меъёр устида меъёр»ини оласизми, уларни контекст бўйича ҳам, маъноси жиҳатдан ҳам ғирт юридик асарлар деб аташ мумкин. Тавсияларимда жуда кўплаб «бадиий» деб номланган, лекин ғояси аслида бадиий бўлмаган асарлар ўрин олади.

«Китобни ўқишдан мақсад нима?», деган саволга ҳам жавоб бериш керак. Менимча, китоб ўқишдан кўзланган мақсадлардан бири — жамият қандай фикрлар, фаразлар, мифлар ёки, янгича сўзлар билан айтганда, қандай мемлар устида тургани, қурилганини кўришдир. Масалан, ўзга сайёралик кимдир бирор бир мамлакатга келса, у ўша мамлакатда бўлаётган мунозараларни тушуниши учун қайси асарларни, нимани ўқиши керак? Шундай экан, айрим китобларни нафақат завқли ва фойдали бўлгани учун, балки улар фавқулодда муҳим бўлгани ва уларни ўқиш керак бўлгани учун ҳам ўқиш керак.

Китобларни модель сифатида тушунмоқ керак. Бунда модель дегани — ҳақиқатнинг қандайдир редукцион формаси ва ўша ҳақиқатни ўйлашга имкон берадиган жуда фойдали шакл. Масалан, тиббиёт олийгоҳларида сизга скелетнинг моделини беришади — скелетнинг модели одамнинг тўлиқ кўриниши эмас, албатта, лекин у суякларни ўрганиш учун етарли. Ёки одамнинг қон, томирлари жойлашуви, юрак модели бор — у ҳам инсонни тўлиқ англаш учун етарли эмас, аммо айнан қонни ўрганиш учун яхши тасаввур беради. Яъни, сиз, умуман барча инсонлар ҳам қандайдир моделлар асосида фикрлайди. Мен учну китоблар ҳам маълум бир моделлардир. Менинг китоб тавсияларим ҳам моделлар нуқтаи назаридан, моделларни тушуниш учун йўналтирилган, деган бўлардим.

Шуни алоҳида таъкидлашим керакки, мен ҳали 30 ёшга тўлмаганман ва бу тавсиялар, аввало, ўз тенгдошларимга қаратилган:

  • Қадимги Юнон ва Рим фалсафаси (Сенека («Луцилийга хатлар»), Афлотун («Давлат»), Марк Аврелий, Гомер («Илиада»), Арасту («Никомах фалсафаси») ва бошқалар) — ҳозирги дунёни ва кўп ғояларнинг «оёғи қаердан ўсаётгани»ни тушуниш учун;
  • Уильям Шекспир асарларини («Қирол Лир», «Ромео ва Жульетта», «Венециялик савдогар», «Меъёр устидан меъёр», умуман, ҳамма асарлари — бари муҳим) — ҳозирги Ғарб дунёсини тушуниш ҳамда замонавий санъат ва маданият англаш учун;
  • Николай Гоголнинг «Ревизор» комедияси — жамият қандай тузилганини англаш учун. Умуман, рус классикларидан нафақат Гоголь (айниқса, «Шинель», «Петербург ҳикоялари», «Ўлик жонлар»), балки Александр Пушкин (ҳамма асарлари), Александр ГрибоедовАқлдан вой»), Михаил Салтиков-Шчедрин, Антон Чехов («Олчазор», «6-палата»), замонавийларидан Сергей Довлатовни тавсия қилган бўлардим;
  • Фёдор Достоевскийнинг «Телба»си — инсоннинг чуқур рағбатлари, нималарни ёқтириш-ёқтирмаслиги, нимадан нафратланиши ва қўрқиши, бир сўз билан айтганда, инсон психологиясини тушуниш учун. Унинг бошқа асарлари («Ертўладан мактублар», «Ака-ука Карамазовлар» ва ҳ.к.) ҳам шу мақсадга хизмат қилади;
  • Лев Толстой асарлари («Уруш ва тинчлик», «Ҳожимурод») — инсонлар нима учун жамиятда ўз ўрнини қидириши, нега инсон учун иқтисодий мавқедан кўра ижтимоий нуфуз муҳимроқлигини тушуниш учун. Социологияга қизиқувчилар албатта ўқиши керак;
  • Алексис де Токвилнинг «Америкада демократия»си — АҚШдаги сиёсий жараёнларни тушуниш учун. АҚШ ҳақидаги энг яхши китоб франциялик томонидан XIX асрда ёзилган ва ҳали ҳам эскирмаган;
  • Томас Ҳоббснинг «Левиафан» ва Жон Ролзнинг «Адолат назарияси» — сиёсий фикр ҳақида тушунча ҳосил қилиш учун.
  • Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон, Ўткир Ҳошимов асарлари — ўзбек фалсафасини, ҳозирги ўзбек тафаккурини тушуниш учун. Замонавий ўзбек тили мана шу муаллифлар ёзган асарларнинг ўрта арифметиги атрофида яратилган, кўп қайғулар ҳамон ўша-ўша. Шунингдек, ўзбек адабиётидан «Бобурнома»ни ҳам (иложи бўлса, инглиз тилига қилинган насрий баёнини) ўқишни тавсия қилган бўлардим;
  • Жорж Оруэлл асарлари («1984», «Молхона») — жамиятдаги кўплаб муаммоларни бизга кўрсата олиш қобилиятига эга бўлгани учун; бу асарларни ҳамма ўқиши керак;
  • Альбер Камю («Вабо»), Эрих Мария Ремарк («Уч оғайни», «Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ») асарлари — Европа фалсафасини тушуниш учун.
  • Рэй Бредберининг «Фаренгейт бўйича 451 даража» асари — жамият нималарга қодирлигини тушуниш учун. Америка адабиётидан, шунингдек, Эрнест Ҳэмингуэй, Мартин Лютер Кинг кабиларни ҳам ўқиш керак;
  • Ювал Ноа Харари («Sapiens», «Homo Deus»), Нассем Талеб («Қора оққуш») китоблари — яхши ёки қизиқарли бўлгани учун эмас, бу дунёдаги кўп нарсалар шу китобларда ёзилган нарсалар устига қурилгани учун;
  • Ўрхон Помуқ асарлари («Менинг исмим Қирмизи», «Қор», «Истанбул: Хотиралар ва шаҳар», «Жавдатбей ва ўғиллари» ва бошқалар) — ҳозир турк тафаккурини, турк моделларини, мемларини тушуниш учун, жуда муҳим.
  • Чингиз Айтматов асарлари (хусусан, «Жамила») — постсоветдан олдинги Ўрта Осиёни англаш учун;
  • Егор Гайдарнинг «Гибель империи» китоби — ҳозирги Ўзбекистон атрофидаги иқтисодиётни, Ўзбекистоннинг мустақилликдан аввалги иқтисодий касалликлари қаердан келиб чиққанини тушуниш учун. Ўзбекистонликлар бу каби китобларни ўқиши керак, деб ўйлайман.

Иқтисодиёт бўйича кўплаб китобларни тавсия қилишим мумкин, лекин ҳозирча фақат қуйидагилар билан чекланаман:

  • Дарон Ажемўғли, Жеймс А. Робинсон. «Мамлакатлар таназзули сабаблари» (буни ҳамма ўқиши керак);
  • Жаред Даймонд. «Guns, Germs, and Steel»;
  • Генри Ҳэзлитт. «Economics in One Lesson: The Shortest and Surest Way to Understand Basic Economics»;
  • Даниэль Канеман. «Thinking Fast and Slow»;
  • Стивен Лендсбург. «The Armchair Economist: Econimics and Everyday Life»;
  • Авинаш Диксит, Барри Нейлбафф. «The Art of Strategy: A Game-Theorist's Guide to Success in Business and Life»;
  • Thomas C. Schelling. «The Strategy of Conflict: With a New Preface by the Author»;
  • Sylvia Nasar (Зулфия Назар). «A Beautiful Mind».
  • Эльвин Рот. «Who Gets What ― and Why: The New Economics of Matchmaking and Market Design»;
  • Дэвид Фридман. «Hidden Order: The Economics of Everyday Life»;
  • Дэвид Фридман. «Law's Order: What Economics Has to Do with Law and Why It Matters»;
  • Роберт Шиллер. «Narrative Economics: How Stories Go Viral and Drive Major Economic Events»;
  • Жоэль Мокир. «A Culture of Growth: The Origins of the Modern Economy».
  • Steven D. Levitt, Stephen J. Dubner. «Freakonomics» серияси;
  • Deirdre Nansen McCloskey. «The Bourgeois Virtues: Ethics for an Age of Commerce»;
  • Eric A. Posner, Glen Weyl. «Radical Markets: Uprooting Capitalism and Democracy for a Just Society».