Ҳиндистоннинг IndiGo авиакомпанияси 2023 йил августидан Деҳли ва Тошкент ўртасида тўғридан-тўғри рейсларни йўлга қўяди, дея хабар берди Uzbekistan Airports матбуот хизмати.

Деҳли-Тошкент-Деҳли йўналиши бўйича мунтазам рейслар ҳафтасига 4 марта Airbus А320 ва А321 самолётларида амалга оширилиши режалаштирилган. Бу таклифни авиакомпания вакиллари Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ва Ҳиндистондаги элчихона кўмагида Uzbekistan Airports билан музокаралар чоғида билдирган.

Уч томонлама учрашув якунлари бўйича IndiGo авиакомпанияси делегациясининг Ўзбекистонга келиши доирасида музокараларнинг навбатдаги босқичини ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Маълумот ўрнида, IndiGo — бош қароргоҳи Ҳиндистоннинг Гургаон шаҳрида жойлашган ҳинд хусусий лоукостер авиакомпанияси. У мунтазам қатновлар ва самолётлар сони бўйича мамлакатдаги энг йирик авиаташувчи ҳисобланади.