Ўзгидромет хизмати агентлиги март ойида қандай об-ҳаво кузатилиши бўйича маълумот берди.

Республикада март ойи ёғингарчилик миқдори ва бундай шароит кузатиладиган кунлар сони бўйича йил давомида энг кўп ёғингарчилик бўладиган ой ҳисобланади. Шимолий ҳудудларни ва чўл зонасини ҳисобга олмаганда, март ойида ўртача 10 кундан 15 кунгача ёғинли кунлар кузатилади.

Хусусан, 2023 йил март ойи жуда илиқ об-ҳаво билан бошланади. Ойнинг биринчи ўн кунлигида ҳарорат кундуз кунлари +17…+22 даражагача, айрим кунларда +24…+27 даражагача, жанубда ва чўл ҳудудларда +29 даражагача кўтарилади.

5−6 март кунлари ва ўн кунлик охирида республика бўйича баъзи жойларда ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ёмғир пайтида кундузги ҳаво ҳарорати бироз пасаяди, бундай ҳолатга қарамай, март ойининг биринчи ўн кунлиги меъёрга нисбатан илиқроқ бўлади.

Март ойининг иккинчи ва учинчи ўн кунликларида ҳарорат кечалари +7…+12 даражадан 0…+5 даражагача (баъзи жойларда -2 даражагача бўлиши мумкин), кундуз кунлари +20…+25 даражадан +10…+15 даражагача ўзгариб туриши кутилмоқда.

Иккинчи ва учинчи ўн кунликларнинг айрим кунларида (ҳар бир ўн кунликда 1−3 кундан) асосан ёмғир кўринишидаги ёғингарчилик бўлиши мумкин.

Маълумот учун, сўнгги 50 йил ичида 1972 йилнинг март ойи энг совуқ бўлган, ҳатто март ойининг учинчи ўн кунлигида ҳам ҳарорат кечалари −10…−15 даражагача пасайган. Сўнгги йиллар Ўзбекистонда март ойида асосан илиқ об-ҳаво кузатилмоқда.

2008, 2016, 2018 йилларнинг март ойлари барча кузатув йиллари учун энг илиқ учликка кирган. Энг иссиқ кунларда ҳарорат +30…+32 даражагача, жанубда баъзи жойларда +35…+37 даражагача кўтарилган.

Таъкидланишича, 2022 йилнинг март ойи ёққан ёғингарчилик миқдори бўйича етакчи бўлган. Мамлакатнинг шимоли ва жанубидан ташқари, ҳудуднинг катта қисмида ёғингарчилик меъёрдан 2−3 марта, баъзи жойларда 3,5−4,5 марта кўп бўлган. Тошкентда бир ой ичида 188 мм ёғингарчилик бўлган. Бу деярли уч ойлик меъёрни ташкил этади ва пойтахтда метеорологик кузатувларнинг барча йиллари учун ойлик ёғингарчилик миқдори рекордидир.

Сўнгги 25 йил ичида 1998 йилнинг март ойида энг кўп қор ёққан, бунда Тошкент шаҳрида қор қоплами 9 кун давомида кузатилган, унинг максимал баландлиги 22 сантиметрни ташкил этган.