Президент 2022−2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили»да амалга оширишга оид давлат дастурини тасдиқлади. ЎзАда мазкур ҳужжат матни эълон қилинди.

Фармонга кўра, 2024 йил 1 январдан бошлаб пенсионерга ҳисобланган, лекин ўз вақтида олинмаган пенсияни тўлаш муддати 12 ойдан 24 ойга узайтирилади. Бунда пенсия таъминотини яхшилаш ва пенсионерларни қўллаб-қувватлаш мақсад қилинган.

Шу вақтгача пенсионерга ҳисоблаб чиқариб қўйилган, лекин у томонидан ўз вақтида талаб қилиб олинмаган пенсия пули пенсияни олиш мақсадида мурожаат этилганидан олдинги ўн икки ойдан ошмаган давр учун тўланарди.

2023 йил 1 июлдан бошлаб давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган хизматлар сони 300 тага, Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатиладиган хизматлар сони эса 570 тага етказилади.

Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари (ногиронлиги бўлган шахслар, оғир беморлар, кексалар ва бошқалар)га миграция ва фуқароликни расмийлаштириш соҳасидаги давлат хизматлари манзилига бориб ўрганилганда қўшимча тўлов ундирилмайди.

Электр, газ ва сув сарфи ҳисоблагичларини қиёслашдан ўтказиш бўйича давлат хизматларини проактив тарзда кўрсатиш (фуқаро мурожаатини кутмасдан, хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг ўз ташаббуси билан) таклиф юборса бўлади.

Шунингдек, 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб аҳоли ва тадбиркорларга субсидия ажратиш билан боғлиқ барча хизматлар босқичма-босқич Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига субсидия ажратишнинг ягона электрон платформасига ўтказилади. Шахсга субсидия ажратиш электрон платформа орқали онлайн текширилади. Бунда субсидиялар ажратиш тўғрисидаги аризаларни Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ёки исталган туман (шаҳар) давлат хизматлари марказлари орқали топшириш имконияти яратилади.