Даниянинг Maersk Air Cargo юк авиакомпанияси Ўзбекистонга парвозларни йўлга қўяди, деб хабар бермоқда Uzbekistan Airports ахборот хизмати.

Қайд этилишича, авиакомпания Биллунд-Навоий-Ханчжоу-Навоий-Биллунд йўналиши бўйича Ўзбекистонга парвозларни режалаштирмоқда. Юк ташувчисининг биринчи парвози 20 мартга белгиланган.

Маълумот учун, Maersk Air Cargo авиакомпанияси бошида ҳафтасига 6 марта рейсларни амалга оширади, кейинчалик рейслар ҳафтасига 36 мартагача кўпаяди. Boeing 767 юк самолётлари Даниядан Ўзбекистон орқали Хитойга ва ортга учади. Навоий аэропорти авиакомпания самолётларини техник қўниш, ёнилғи қуйиш ва экипажни алмаштириш учун транзит пунктига айланади.

Maersk Air Cargo штаб-квартираси Даниянинг Биллунд шаҳрида жойлашган Дания юк авиакомпаниясидир. Компания 2022 йилда Maersk логистика гуруҳи таркибига кирувчи Star Air авиаташувчиси негизида ташкил этилган.