Ўзбекистонда энди йўлакларда ҳаракатланувчи пиёдалар учун сариқ жилетлардан фойдаланиш тартиби жорий этилиши ҳақида хабар берилганди. Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бу хабар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди.

Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 апрелдаги «Йўл ҳаракати қоидаларини тасдиқлаш тўғрисидаги» 172-сонли қарори мавжуд.

Унга мувофиқ, фуқароларнинг, айниқса, болаларнинг ЙТҲ ва оқибатларидан ҳимояланганини таъминлаш мақсадида сутканинг қоронғи вақтида ва етарлича кўринмайдиган шароитда йўлни кесиб ўтишда, йўл ёқаларидан ёки қатнов қисмининг четидан ҳаракатланишда пиёдаларнинг устки кийимида нур қайтарувчи элементлар бўлиши инсон ҳаётини сақлаб қолиш учун муҳим эканини кенг тарғиб қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширилиши белгиланган. Бу норма тавсиявий аҳамиятга эга.

Йўл ҳаракати қоидаларининг 167-бандига кўра, велосипед йўлкаси бўлмаган ҳолда йўлнинг қатнов қисмида ҳаракатланаётган велосипедчилар сутканинг қоронғи вақтида ва етарлича кўринмайдиган шароитда нур қайтаргичли камзулда ёки нур қайтарувчи элементли парчалари бўлган устки кийимда бўлиши шартлиги белгиланган.

Хизмат жамоатчилик ва ОАВдан турли тахмин ва миш-мишлардан иборат ахборотни тарқатмасликни сўради.