28 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров раислигида республика диний соҳа ходимларининг танқидий-таҳлилий видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда идора матбуот хизмати.

Танқидий руҳда ўтган йиғилишда жараёнида меҳнат интизомига риоя этмаган, вазифасига виждонан ёндошмаган, мўмин-мусулмонлар эҳтиёжини қондиришга жиддий саъй-ҳаракат қилмаган ва диний соҳа ходими мақомига муносиб бўлмаган бир нечта имом-хатиб ишдан олинди, айримларига ҳайфсан берилди.

Хусусан, Сурхондарё вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Абдусалом Фатуллаев, Қумқўрғон тумани бош имоми ва «Шоҳ Машраб» масжиди имом-хатиби Ҳафизулло Зайниев, Самарқанд вилояти Оқдарё тумани бош имом-хатиби Ҳабибулла Аблоқулов ва Хоразм вилояти Шовот тумани «Хўроз Эшон бобо» масжиди имом-хатиби Давронбек Рўзметов эгаллаб турган вазифаларидан озод этилди.

имом-хатиб, мусулмонлар идораси, муфтий

Жиззах вилояти бош имом-хатиби Меҳмонали Жабборов, Жиззах шаҳар бош имом-хатиби Фахриддин Шайзақов, Тошкент вилояти «Раҳбар ота Акбар ўғли» масжиди имом-хатиби Раҳманов Муҳаммадий ва Фарғона вилояти Сўх тумани «Офтобрўй» масжиди имом ноиби Илҳомиддин Тоировга «ҳайфсан» интизомий жазоси берилди.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳри «ал-Ҳудайбия» масжиди имом ноиби Шуҳрат Зияев меҳнат интизомига риоя этмагани учун чора сифатида бошқа ишга ўтказилди.

Шунингдек, иш фаолиятдаги хато-камчиликлар сабабли ўтган йилда 25 нафар имом-хатиб, 19 нафар имом-ноиби ва 2 нафар муҳтасиб вазифасидан озод этилгани, шунингдек, 56 нафар имом-хатиб ва имом ноибига «ҳайфсан» интизомий чораси берилгани маълум қилинди.

имом-хатиб, мусулмонлар идораси, муфтий

«Муфтий йиғилишда соҳа ходимлари томонидан ёшлар таълим-тарбиясига жиддий эътибор қаратиш, халқ билан мулоқот қилиш, китоб мутолаасига тарғиб қилиш, таҳдидларга қарши курашиш, имом-хатиблар ижтимоий тармоқларда чиқиш қилиш одобига амал қилиш ва доимий билим савияларини ошириш юзасидан тавсия ҳамда кўрсатмаларни баён этди», — дейилади хабарда.

Телеграмдан фойдаланасизми? Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун каналимизга аъзо бўлинг.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ араб тили курсидаги ёш қизга юрагини суғуриб олиш билан таҳдид қилган Тошкент туманидаги «Эшонхўжа ота» масжиди имом-хатиби Авазхўжа Баҳромов 3 суткага қамалганди.