Сирдарёда балиқ овлашга қарши экологик назорат рейд тадбирларида ҳайвонот дунёсига 80 миллион сўмдан ортиқ зарар етказган браконьерлар аниқланди. Бу ҳақда «Севимли» телеканалининг «Замон» дастурида маълум қилинди.

Қайд этилишича, Табиат ресурслари вазирлигининг Сирдарё вилояти бошқармаси томонидан вилоят прокуратураси ва вилоят ишки ишлар ходимларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб вилоятининг Ҳовос тумани ва Янгиер шаҳрида тунги рейдлар амалга оширилган.

Рейд вақтида, Янгиер шаҳар ва Ховос тумани ҳудудидан ўтувчи марказий зовурда икки фуқаро томонидан ноқонуний ов қуроли ҳисобланган электр қармоқ ёрдамида «Қизил китоб»га киритилган 8 турдаги 104 дона — 2 та Амударё мўйловдори, 53 дона товон балиқ, 28 дона лаққа, 2 дона чўртан балиқ, 1 дона оқ амур, 5 дона зоғора, 2 дона илонбош ва 11 дона бошқа турдаги балиқларни ноқонуний равишда овлангани аниқланган.

Улар Ўзбекистон Республикасининг ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонунининг 51, 49, 35 моддалари талабларини бузган ва 86 млн 400 минг сўм зарар етказгани аниқланди.

Ҳолат бўйича фуқаролардан бир дона резина қайиқ, бир дона аккумулятор, электр қармоқ ва тутилган балиқлар далил сифатида олинди. Ҳолат бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.