Давлат хавфсизлик хизмати бошқа идоралар билан биргаликда қўшни давлатлардан контрабанда йўли билан ўтказилган наркотик моддалар билан боғлиқ қатор ҳолатларга чек қўйилгани ҳақида хабар берди.

Сирдарё вилоятида Тожикистондан ноқонуний олиб кирилган 42,89 кг гашиш ва 4,81 кг опий мусодара қилинди. Текширув давомида маълум бўлишича, муқаддам наркотик моддалар билан боғлиқ жиноят содир этгани учун судланган Марғилон шаҳрида яшовчи (1986 йилда туғилган) фуқаро таниши — Тошлоқ туманида яшовчи (1987 йил) билан биргаликда Бешариқ тумани ҳудудидан ўтиб, Тожикистоннинг Сўғд вилоятининг вилояти Зафаробод туманига борган. У ерда улар маҳаллий аҳолидан бири билан учрашиб, 10 минг доллар эвазига Сирдарёнинг Ховос туманига наркотик олиб келишга келишиб олган. Ўзбекистонга қайтганларида улар қўлга олинган.

Аввалроқ Самарқанд вилояти Ургут туманида яшовчи (1992 йил) фуқаронинг уйидан сотишни режалаштирган 7,3 кг опий топилгани ҳақида хабар берилганди. Жиноят ишини тергов қилиш доирасида унинг қариндошининг уйидан яна 6,4 кг опий олинди. Бу моддалар ҳам Тожикистондан олиб келинган.

ДХХ Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят божхона бошқармаси билан ҳамкорликда Юқори Чирчиқ туманида ўтказилан тезкор тадбирда Андижон вилоятининг Балиқчи туманида яшовчи, 1963 ва 1968 йилларда туғилган, муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жиноятлари учун судланиб, жазо муддатини ўтаган 2 нафар фуқаро 1 кг 399 гр гашиш моддасини 15 минг долларга сотаётган вақтларида ушланди. Бу ҳолатда наркотик модда Қирғизистондан олиб келинган.

ДХХ Андижон вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Андижон шаҳрида яшовчи, 1979, 1984, 1987 йилларда туғилган, муқаддам судланган 3 нафар шахс қўлга олинди. Уларнинг ёнлари ва хонадонлари кўздан кечирилганда Қирғиздан келтирилган жами 546 гр гашиш моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.