2022/2023 ўқув йилида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети (ЎзДЖТСУ) Фарғона филиалида ўтказилган касбий (ижодий) имтиҳон натижалари ўрганилиб, 356 нафар (шундан, қўшилган 322, камайтирилган 34) абитуриентнинг ҳақиқатда тўплаган балларига сохта ёзувлар киритиш орқали, юқори балл тўплаган абитуриентларнинг талабаликка тавсия этилмай қолинганлиги аниқланди.

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг Фарғона вилоят прокуратураси маълумотларига таяниб хабар қилишича, жумладан, велоспорт йўналишида абитуриент Д. Б.нинг ҳақиқатда тўплаган 105,2 балли сохталаштирилиб, Давлат тест марказининг электрон маълумотлар базасига пасайтирилган ҳолда 67,4 балл киритилиши оқибатида талабаликка тавсия этилмаган.

Вилоят прокуратураси томонидан 10 декабрь куни Бош прокуратура орқали Таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш Давлат комиссияси раисига хат киритилиб, унда идоралараро ишчи гуруҳи тузилган ҳолда ЎзДЖТСУ Фарғона филиалида ўтказилган касбий (ижодий) имтиҳон натижаларини қайта кўриб чиқиш ва натижаси бўйича таклиф киритиш сўралган.

Шунга кўра, маъсул вазирликлар мутахассисларидан иборат таркибда идоралараро ишчи гуруҳи тузилиб, ҳар бир абитуриентларнинг натижалари қайта кўриб чиқилган ва 145 нафари асоссиз равишда талабаликка қабул қилинмасдан қолганлиги аниқланган.

Ўрганиш натижалари 14 февраль куни Комиссия мажлисида муҳокама қилиниб, юқоридаги 145 нафар (3 нафар давлат гранти ва 142 нафар тўлов — контракт) абитуриентларни талабаликка тавсия этиш ҳақида қарор қабул қилинган.

Ушбу қарорга асосан филиал директорининг 16 февралдаги 10, 31 ва 32-сонлибуйруқлари билан юқоридаги 145 нафар абитуриент талабаликка қабул қилиниб, уларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Ёшлар ҳуқуқларини бузган филиалнинг собиқ директори Р. Расулов ҳамда қабул комиссияси масъул котиби М. Мухриддиновга нисбатан Жиноят кодексининг 205-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 1-қисми ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, жавобгарликнинг муқаррарлиги таъминланди, дейилади хабарда.

Аввалроқ Бош прокуратура ЎзДЖТСУ ҳамда унинг Фарғона филиалида қонунчилик талаблари бузилгани аниқланди. Хусусан, ижодий имтиҳон баллари ошириб қўйилган, квоталар сунъий оширилган, коррупция ва талон-торож қилиш каби ҳолатларга йўл қўйилгани ҳақида хабар берган эди. Хусусан, Фарғона филиалида ўқишга қабул квоталари сунъий равишда оширилиб, 3160 ўринли университетга 13 634 нафар ёки сиғимга нисбатан 4,5 баравар кўп талабалар қабул қилинган.