Жиззах вилояти Дўстлик туманида тақиқланган усуллар ва ов қуроллари билан 218 дона балиқни овлаётган фуқаролар қўлга олинди. Бу ҳақда Табиат ресурслари вазирлигининг вилоят бошқармаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Таъкидланишича, бўлим инспекторлари томонидан назорат тадбири ўтказилган. Жараён давомида туманнинг «Саритепа» маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи зовурдан фуқаролар У.Г. ва Г. Н. тақиқланган усуллар ва ов қуроллари (электрқармоқ) билан 1 дона судак, 47 дона карас, 160 дона вобла ва яна 10 дона — жами 218 дона балиқни овлаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

жиззах вилояти, ноқонуний балиқ овлаш

Фото: Табиат ресурслари вазирлиги Жиззах вилояти бошқармаси матбуот хизмати

«Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонуннинг 35, 53-моддалари талабини бузган ҳуқуқбузарларга амалдаги қонунчиликка мувофиқ маъмурий баённома расмийлаштирилди ҳамда ҳайвонот дунёсига 28 миллион 890 минг сўм зарар белгиланди», — дейилади бошқарма ахборотида.

Қўшимча қилинишича, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 90-моддаси 4-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик содир этилгани сабабли ушбу ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича Дўстлик тумани судига тақдим этилган.