Ҳозирда 2 миллионга яқин Ўзбекистон фуқароси дунёнинг турли нуқталарида меҳнат қилмоқда. Бу ҳақда 21 февраль куни Тошкентда ўтказилган халқаро конфренцияда камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Беҳзод Мусаев маълум қилди.

Вазирлик ахборот хизматининг «Газета.uz»га маълум қилишича, вазир ўз нутқида мамлакатда аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида олиб борилаётган ишлар ва натижалар ҳақида маълумот берди.

беҳзод мусаев, ишсизлар сони, камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги

Беҳзод Мусаевнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда ҳоким ёрдамчилари фаолияти йўлга қўйилиши натижасида 2 миллиондан зиёд ишсиз фуқаро бандлиги таъминланган.

«Камбағалликни камайтириш ва бандликни таъминлаш бўйича тизимли ишларни йўлга қўйиш мақсадида мутлақо янги тизим — „ҳоким ёрдамчилари“ институти ташкил этилди. Ҳозирда республикадаги мавжуд маҳаллаларда 9 минг 370 нафар ҳоким ёрдамчилари фаолият юритиб, улар тадбиркорликни ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Ҳоким ёрдамчиларининг субсидиялар ажратиш, иш билан таъминлаш, касбий тайёргарликка жалб қилиш ва бизнес юритиш асосларидаги иштироки туфайли қарийб 2,2 миллион кишининг бандлигига эришилди», — деди вазир.

Унинг таъкидлашича, айни пайтда республика бўйлаб 26 та ишга марҳамат ягона маркази, 53 та касб-ҳунарга ўқитиш ва 539 та касб-ҳунар таълим марказлари фаолият юритмоқда. У ерларда меҳнат бозорида талаб катта бўлган 70 дан ортиқ касблар бўйича ишсиз фуқаролар ўқитилмоқда.

беҳзод мусаев, ишсизлар сони, камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги

Фото: Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ахборот хизмати.

«Бундан ташқари, қонуний меҳнат миграциясини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Фуқароларнинг касбий тайёргарлигини ошириш мақсадида хорижга чиқишдан аввал ҳудудий мономарказларда 30 га яқин мутахассислик ва 5 та чет тили ўргатиляпти. Бугунги кунда 2 миллонга яқин фуқаро хориж мамлакатларида меҳнат қилмоқда», — деди у.

«Ҳозирда Ўзбекистонда меҳнатга лаёқатли аҳолининг 1,3 миллиони ишсиз қолмоқда. Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида ишсизлик даражаси 8,9 фоизга туширилди. Қашшоқлик даражаси кўрсаткичи 17 фоиздан 14,1 фоизга тушди. 2023 йилда барча имкониятларимизни ишга солиб, қашшоқлик даражасини 12 фоизгача камайтиришни режалаштирганмиз», — дея қайд этди Беҳзод Мусаев.

Блогер Сайдулло Химматов бандлик вазирининг баёнотига ишончсизлик билдирди.

«Статистика агентлиги маълумотларига эътибор қаратадиган бўлсак 2021 йил 3 чораги ва 2022 йил 3 чораги оралиғида иш билан банд аҳоли сони 13,6 млн кишидан 13,8 млнга етган. Ижобий фарқ 226 мингта, бу эса вазир айтоётган рақамлардан 10 баробар камроқ», — деди у.

Шунингдек, Статистика агентлиги ҳисоботларида 2010 йилдан кейин деярли (пандемия йилидан ташқари) ҳар йили иш билан банд бўлганлар сони 200−300 минг кишига муттасил ўсиб келган яъни 10 мингдан ортиқ ҳоким ёрдамчилари аслида иш билан банд бўлганлар сонининг ортиш тенденциясига хеч қандай ижобий тасир кўрсатмаган.

«Вазирнинг меҳнатга лаёқатли аҳолининг 1,3 миллиони ишсиз қолмоқда, деган маълумотлари ҳам ҳақиқатдан йироқ расмий маълумотларга кўра, меҳнатга лаёқатли аҳоли сони (2021 йил ҳолатига) 19,3 млн киши, иш билан банд бўлганлар сони эса (2022- йил 3 чорак ҳолатига) 13,7 млн кишини ташкил этади», — деб ёзади у.

Унинг фикрича, Мусаев айтган 1,3 млн кишилик фарқ аслида 5,5 млндан кўпроқни ташкил қилаяпти.

Иқтисодчи Миркомил Холбоев эса ишсизлик қандай камайтирилаётганига эътибор қаратган.

«Статистика қўмитасининг маълумотларига кўра ҳозирги кунда мамлакатимизда иқтисодий фаол аҳоли сони 15 млн кишини ташкил этади. Қизиқ жиҳати иқтисодий фаол аҳоли сони 2021 йилга нисбатан бор йўғи 90,6 минг кишига кўпайган, холос. Таққослаш учун, пандемиядан олдинги сўнги 10 йилликда иқтисодий фаол аҳолининг йиллик ўртача ўсиш кўрсатгичи 285 минг кишини ташкил этган. 2020 йилги инқироздан кейин иқтисодий ўсиш яна қайта тикланганлигига қарамасдан иқтисодий фаол аҳолининг ўсиши йилдан-йилга секинлашиб бораётганлиги қизиқ», — деб ёзади у.

Унинг фикрича, аслида иқтисодий ўсиш қайта тикланишни бошлаши билан иқтисодий фаол аҳоли сони ҳам юқори суратларда ўсиши ҳамда инқироз даврида йўқотилган аҳоли қатлами иқтисодий фаол аҳоли таркибига қайтиши кутилади.

«Натижада инқироздан кейин иқтисодий фаол аҳоли сонинининг ўсиши олдинги даврга нисбатан тезроқ бўлиши керак. Албатта сўнги йилларда талабалар сонининг кескин ўсаётганлиги кузатилмоқда, табиийки талабалар иқтисодий фаол аҳоли таркибига кирмайди. Лекин биргина талабалар сонинининг юқори суратларда ўсаётганлиги иқтисодий фаол аҳоли сони ўсишининг бундай жиддий секинлашишини тушунтириб беролмаса керак. Қўшимчасига аҳоли сони узоқ йиллардан буён ўсиб келаётганлигини ҳисобга олсак, ҳар янги авлоднинг сони олдингисидан кўра кўпроқ бўлади. Бундай ҳолатда эса иқтисодий фаол аҳоли сони доимий ўсиб бориши керак», — дея таъкидлади иқтисодчи.

«Агар иқтисодий фаол аҳоли сони 2019 йилги даражада ўсганда ҳозирги кунга келиб иқтисодий фаол аҳоли сони 15 млн эмас балки 15,6 млн атрофида бўлиши керак эди. Ҳамда ишсизлик даражааси, ҳозирги каби 8,9% эмас балки 11,9% ни ташкил этаётган бўларди. Агар талабалар сони ўсишини чиқариб ташлаган тақдиримизда ҳам ишсизлик даражаси ҳозирги кунда 10,2% атрофида шакланаётган бўлиши керак эди. Лекин расмий статистика юқоридаги рақамлардан 1,3% бандга пастроқ», — деди Миркомил Холбоев.

«Кўриниб турганидек, ишсизлик қарши жуда самарали курашилмоқда. Бу жараёнда ҳоким ёрдамчиларининг ўрни беқиёслигини алоҳида таъкидлаб ўтиш керак. Ахир улар 10 мингдан ортиқ ишчи ўринлари пайдо бўлишига асосий сабабчику», — дея киноя қилди мутахассис.