Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида кўп қаватли уйнинг ертўласидаги таянч деворлари жойлашувини ўзгартирган шахс аниқланди. Бу ҳақида Қурилиш ва уй-жой хўжалиги вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, вазирлик ҳузуридаги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат инспекцияси томонидан аҳоли мурожаатларига асосан кўп қаватли уйларда ноқонуний қурилмаларни аниқлаш ва ҳуқуқбузарларга нисбатан тегишли чоралар кўриш ишлари ўтказилмоқда.

Хусусан Шайхонтоҳур туманидаги Лабзак даҳаси 1а уйнинг ертўласи тегишли талабларни бузган ҳолатда ўзгартирилгани аниқланди. Фуқаро лойиҳа ҳужжатларидан четга чиққан ҳолда бинонинг таянч деворлари ҳамда коммуникация тармоқлари жойлашувини ўзгартирган.

Инспекция томонидан ҳуқуқбузарга нисбатан тегишли тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилиб, 15 кун муддатда бинони ўз ҳолига қайтариш бўйича топшириқ берилди. Шунингдек, ҳолат юзасидан қўшимча ўрганиш ишлари амалга оширилиши таъкидланган.