Статистика агентлиги 2023 йил январь ойи учун республика ташқи савдосига оид статистикани эълон қилди. Иқтисодчи Отабек Бакиров ундаги айрим рақамлар, хусусан, Германия импортда биринчи рақамли ҳамкорга айлангани, январда бу мамлакатдан импорт ҳажми 490,8 млн долларни ташкил этганига эътибор қаратди.

«Январь ойи ташқи савдо статистикасининг энг ҳайратли ҳодисаси, йўқ, бу 1,2 млрд долларлик олтин экспорти эмас. Бу Германия импортда биринчи рақамли ҳамкоримизга айлангани. Январда Германиядан импортимиз ҳажми 490,8 млн долларни ташкил этган ва немис дўстлар ҳатто Россия ва Хитойни ҳам ортда қолдирган. Хўш, январда Германиядан нима импорт қилган бўлишимиз мумкин? Бунга кўп танқидга учрайдиган статистикамиз жавоб бермайди», — дейди иқтисодчи.

Шунингдек, Литва ва Франциянинг Топ-10 савдо ҳамкорлар рўйхатига киргани қайд этилган. Литвадан 105 млн долларлик, Франциядан 73,5 млн долларлик импорт амалга оширилган.

Отабек Бакиров, бундан ташқари, 2022 йилда экспорт таркибида жуда катта ҳажм ва улушга эга бўлган «Энергия генератори машиналари ва асбоб-ускуналари» ва «Саноат ва машина қисмлари учун махсус бўлмаган машина ва ускуналар» моддалари йўқ бўлиб қолгани ҳақида ёзди.

Агентлик муносабати

Статистика агентлиги ушбу постдан кейин Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги ташқи савдо айланмаси ва бошқа ҳолатлар бўйича қўшимча маълумот эълон қилди.

Импортнинг асосий қисмини бошқа транспорт воситалари, хусусан, самолётлар эгаллаган. Январь ойида Ўзбекистон Германиядан қиймати 421,7 млн долларга тенг бўлган 6 та самолёт импорт қилган. Қолган 69,1 млн долларга бошқа маҳсулотлар импорти амалга оширилган.

Ўзбекистоннинг Топ-10 савдо ҳамкорлари рўйхатига Литва ва Франциянинг киришида ҳам асосий омил мазкур икки давлатдан самолётлар сотиб олинишида бўлган. Январь ойида Литвадан 66,7 млн долларга 4 дона ва Франциядан қиймати 64,3 млн долларга 1 дона самолёт импорт қилинган.

Агентлик юқори ҳажмга эга бўлган товарлар гуруҳлари пресс-релизда эълон қилиниши натижасида айрим улуши кичик ёки ҳажми мавжуд эмас товарлар гуруҳлари киритилмаслигини билдирди.

Хусусан, 2023 йил январь ойи учун пресс-релизда экспорт кўрсаткичлари қисмида «Энергия генератори машиналари ва асбоб-ускуналар» (3 млн доллар) ва «Саноат учун махсус бўлмаган машиналар ва уларнинг деталлари» (5,3 млн доллар) товарлар гуруҳлари ўрнига «Электр алоқаси, овозни ёзиш ва овозни эшиттириш аппаратуралари ва ускуналари» (9 млн доллар) ҳамда «Канцелярия машиналари ва маълумотарни автоматик равишда қайта ишлаш учун асбоб-ускуналар» (5,6 млн доллар) товарлар гуруҳлари киритилган.

БМТнинг Халқаро стандартлашган савдо таснифлагичига (ХССТ) кўра, самолётлар «Бошқа транспорт ускуналари» бўлимига киради. 2023 йил январь ой учун пресс-релизнинг импорт қисмида «Бошқа транспорт ускуналари» ҳажми 634,1 млн долларни ташкил қилган. Ушбу ҳажмнинг асосий қисмини 633,1 млн долларга тенг самолётлар ташкил этган.