Қирғизистон президенти Садир Жапаров ўтган шанба, 18 февраль куни мамлакатнинг барча собиқ президентларини бир стол атрофида йиғди. Учрашувда Асқар Акаев, Қурманбек Бакиев, Роза Отунбоева, Алмазбек Атамбаев ва Сооронбай Жээнбеков иштирок этди. Учрашув «нейтрал ҳудудда бўлиб ўтди», деди президент. ОАВ хабарига кўра, учрашув Дубайда ўтказилган.

Akipress иқтибос келтиришича, Садир Жапаров ўз мурожаатида ҳозир глобаллашув даврида ички барқарорлик ва миллий бирликка интилаётган давлатларгина ривожланиб, қудратли давлатларга айланиб бораётганини қайд этган.

«Бирдамлик йўқлиги, ҳокимият учун кураш туфайли биз қадимий империямиздан айрилиб, Марказий Осиёнинг бир бурчагида қолиб кетаётганга ўхшаймиз», — деди у.

«Бизда нафақат шимол-жанубга, балки етти вилоятга бўлиниш юз беряпти, уларнинг ҳар бири ўзини ўйлайди, афсуски, ҳозир Қирғизистон аҳолиси у ёки бу президент тарафдори ҳисобланади, шу орқали яна етти томонга бўлиниб кетмоқда. Аммо Қирғизистоннинг келажаги биз учун муҳим бўлса, „Акаев“, „Бакиев“, „Атамбаев“, „Отунбаева“, „Жээнбеков“, „умрбод президент“ ва ҳоказо тушунчаларни йўқ қилишимиз, ҳаммани бирлаштирган ҳолда халқ келажаги ҳақида ўйлашимиз керак (раҳбарлар бирлигисиз тарафдорлар бирлаша олмайди)», — деб ёзди Қирғизистон президенти.

«Агар дастлаб халқ томонидан сайланган ва аянчли якунга эга бўлган барча президентларни йиғолсак, балки бир муштдек бирлашган ягона халқ бўлармиз, деган фикр мени узоқ вақтдан бери қийнаётганди… Ниҳоят бу ғояни амалга ошириб, мамлакатимиз бошида турган барча президентларни бир жойга тўпладим», — деди Садир Жапаров.

«Собиқ президентлар ўз хафаликларини айтишди ва камчиликларини тан олишди. Энг муҳими, улар бир-бирларини кечира олишди. Айнан шу менинг мақсадим эди. Ҳар бир президентнинг тарафдорлари, етти вилоят аҳолиси бир йўналишда тўпланиб, сиёсатни четга суриб, миллат, иқтисод ривожи ҳақида ўйлаши — менинг ўй-ҳаёлимдаги ягона фикр эди», — дея қўшимча қилди у.