Ўзбекистон президентининг 2022 йил 28 январдаги «2022−2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги фармонида мактаб ўқувчиларини касбга йўналтириш, таълим муассасаларида бепул тўгараклар фаолиятини йўлга қўйиш бўйича зарур топшириқлар белгиланган, дея хабар қилмоқда Мактабгача ва мактаб вазирлиги.

Вазирлик қайд этишича, ўқувчиларда касб-ҳунар кўникмаларини шакллантириш мақсадида умумтаълим муассасаларида 100 мингта тўгарак ташкил этиш бўйича зарур ишлар бошланган.

Ушбу мақсадлар учун давлат бюджетидан 79,5 млрд сўм ажратилган бўлиб, тўгараклар йўналишини аниқлаш бўйича ўқувчилар ва ота-оналар ўртасида сўровномалар ўтказилмоқда.

Бунда ўқувчиларга ахборот-коммуникация технологиялари, IT инжиниринг, таржимонлик каби йўналишлар бўйича тўгараклар ташкил этишга устуворлик берилмоқда, дейилади хабарда.