17 февраль куни ЖИБ Бектемир тумани судида «қасддан одам ўлдириш» жиноятини содир этган шахсга оид жиноят иши кўриб чиқилди, дея хабар қилди Тошкент шаҳар судлари матбуот хизмати

Қайд этилишича, воқеа 2022 йилнинг 1 ноябрь куни соат 19:00 ларда Бектемир туманида юз берган. Аёл Telegram месенжери орқали яқин дугонасига бошқа бир эркак билан кўришганини, у билан жинсий алоқада бўлганини ёзиб қолдирган. Бу гапларга чидай олмаган эркак қизлик уйига қайтган хотинининг ота-онасиникига ошхона пичоғи билан қуролланиб борган. Эркак қўшни девордан ошиб, хотини ётган хонага кирган ва марҳуманинг танасига 19 маротаба пичоқ билан урган. Шундан сўнг воқеа жойини тарк этиб, ички ишлар ходимига бўлган воқеани айтиб берган ва ўзини топширган. Аёл олган тан жароҳатлари оқибатида воқеа жойида вафот этган.

«Бахтли яшашни хоҳлаганман, хотинимнинг бунақа йўл тутиши менга жуда ёмон таъсир қилди. Ишонгандим унга, боримни берган одамдан бунақа вазиятни кутмагандим. Орқамда икки нафар вояга етмаган фарзандим бор, ўшалар учун яшайман. Шуни инобатга олишингизни сўрайман», — деган эркак суд залида.

Жиноят ишлари бўйича Бектемир туман судида бўлиб ўтган суд мажлисида судланувчи Жиноят кодексининг 97-модда, 1- қисмида назарда тутилган (қасддан одам ўлдириш) жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди. Унга 10 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.

Аввалроқ, 2022 йилнинг ёзида боғчада ўз хотинини болаларнинг кўз ўнгида калтаклаб, эртасига уни ўлдирган эркак 19 йилга озодликдан маҳрум қилингани ҳақида эхабар қилинган эди.