Президент Шавкат Мирзиёев 17 февраль куни Бухоро вилоятида саноатни ривожлантириш ва энергия таъминотини яхшилаш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди ҳамда олтита янги корхонани ишга туширди, деб хабар берди унинг матбуот хизмати.

Қайд этилишича, 6 та янги корхонани ишга тушириш маросими бўлди. Улар:

  • Ғиждувон туманидаги «Ғиждувон ипак тола»;
  • Бухоро шаҳридаги «Лайхтер Камалак Текстайлен»;
  • Жондор туманидаги «Аржумандбону чорваси»;
  • Ғиждувон туманидаги «Усмон Шер Шамшод»;
  • Ромитан туманидаги «ВБМ Ромитекс» корхоналари ва Бухоро шаҳридаги тўрт юлдузли меҳмонхона.

Ипакчилик, тўқимачилик, паррандачилик, мева-сабзавотни қайта ишлаш ва туризм тармоқларига ихтисослашган бу мажмуаларда 3 минг 500 та янги иш ўрни очилмоқда. Бунинг натижасида вилоят ишлаб чиқаришига 850 миллиард сўм қўшилиши таъкидланди.

Йиғилишда Бухорода энергия таъминотини яхшилаш масаласига эътибор қаратилди.

Ҳисоб-китобларга кўра, 2023 йилда Бухорода йиллик электр истеъмоли 4,3 миллиард киловатт соатни ташкил этиб, тақчиллик 150 миллион киловатт соат бўлиши кутилмоқда.

Шу боис қўшимча қувватларни яратиш ва самарадорликни ошириш зарурлиги таъкидланди. Бухоронинг иссиқ иқлимидан фойдаланиб, 740 та корхонада 22 мегаваттли, ижтимоий объектлар ва кўп қаватли уйлар устида 11 мегаваттли қуёш панеллари ўрнатиш мумкинлиги айтилди.

Электр тармоқларини янгилаш орқали 50 миллион киловатт соат электр йўқотишларини камайтириш, 45 та йирик саноат корхонасида энергия сарфи юқори бўлган ускуналарни алмаштириш имконияти кўрсатиб ўтилди. Хусусан, «Аму-Бухоро» насос станциясида частотали бошқариш воситаларини янгилаш ҳисобига бу йил 60 миллион, келгуси йил 100 миллион киловатт соат энергияни иқтисод қилиш мумкин.

Йиғилишда туманлардаги янги захираларни ишга солиб, саноатни ривожлантириш кераклиги қайд этилди.

Сўнгги беш йилда Бухорода 31 триллион сўм инвестиция жалб қилиниб, 3 мингдан зиёд корхона ишга тушган. Ишлаб чиқариш 4,3 бараварга кўпайган. Бу кўрсаткич 2022 йилда 27 триллион сўм бўлган. Саноат экспорти 200 миллион долларга етган.

2023 йилда Бухорода 880 миллион долларлик 703 та корхонани ишга тушириб, 15 мингта иш ўрни яратиш режалаштирилган. Бу лойиҳаларга 220 миллион доллар кредит ва инфратузилмасига 100 миллиард сўм ажратилмоқда.

Президент ҳар бир туман ҳокимига қўшимча захира топиб, яна камида 50 миллион доллар инвестиция олиб келиб, янги лойиҳаларни кўпайтириш бўйича топшириқлар берди.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Бухоро туманидаги «Aksa Enerji Bukhara» масъулияти чекланган жамияти томонидан ишга туширилган иссиқлик электр станцияси фаолияти билан танишди. 2022 йили «Aksa Enerji Bukhara» томонидан иссиқлик электр станцияси ишга туширилган эди. У 150 миллион долларлик тўғридан-тўғри инвестиция эвазига барпо этилган. Ускуна ва жиҳозлар Туркиядан келтирилган. Бу ерда 150 киши меҳнат қилади.

Станция қуввати 270 мегаватт бўлиб, бу йилига 2 миллиард 200 миллион киловатт соатгача электр энергияси ишлаб чиқариш, вилоятнинг 60 фоиз истеъмолини қоплаш имконини беради.