16 февраль куни Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда Айдар-Арнасой кўллар тизимида амалга оширилаётган ва ўрганиш ишлари ҳақида ахборот берилди.

Таъкидланишича, Арнасой, Тузкон ва Айдар кўллари ўзаро бирлашиб, уларнинг умумий юзаси 370 минг гектарга, узунлиги 250 километрга, ўртача кенглиги 26 километргача етган. Энг чуқур қисми 30 метрни, ўртача чуқурлик 7 метрни, сув ҳажми 2006 йилда 42,1 млрд метр кубни ташкил этган.

«Сўнгги йилларда иқлим ўзгариши, ташқи сув манбаларидан ташланаётган чучук сув миқдори айрим йилларда камайиши ва бошқа қатор омиллар сабаб кўллар тизимидаги сувнинг сатҳи 2 метргача пасайиб, сув ҳажми 36,8 млрд метр кубга тушган. Сувнинг минераллашув даражаси 5,1−8,6 грамм/литрга ошган, кўлнинг охирги қисмларида эса минерализация даражаси 12−15 грамм/литрга етган», — дейилади Сенат ахборотида.

Маълум қилинишича, сув сатҳининг пасайиши оқибатида қирғоқ бўйлари 15−50 метрга чекиниб, 15−20 смгача, баъзи жойларда ундан ҳам кўпроқ туз қатлами ҳосил бўлган. Бунинг оқибатлари кўллар ва уларнинг атрофидаги экотизимдаги ўзгаришларда, жумладан, сувли-ботқоқли ҳудудларининг ўзига хос флора ва фаунасининг камайиб боришида намоён бўлган.

«Айдаркўлга ҳар йили қишлаш учун январь-март ойларида 400 га яқин, шулардан 13 турдаги халқаро ва 24 турдаги Ўзбекистон «Қизил китоб»ига киритилган қушлар учиб келган. Кўл ва кўл атрофидаги экотизимнинг ўзгариши бу қушларнинг ҳам миграция йўлларини ўзгартириши ва йўқолиб кетишига олиб келиши мумкин», — дейилади қўмита йиғилишида.

Қайд этилишича, «Ўздаверлойиҳа» давлат илмий-лойиҳалаш институти томонидан Жиззах ва Навоий вилоятларининг кўллар тизимига туташ ҳудудлари хатловдан ўтказилган. Сувни муҳофаза қилиш минтақалари бўйича дастлабки электрон харита яратилган.

Тегишли идораларнинг ўзаро ҳамкорлигида кўллар тизимида ов қилиш, балиқ овлаш, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсидан ҳамда сув ҳавзаларидан фойдаланиш соҳасидаги маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг ягона электрон базаси шакллантирилган.

айдар-арнасой кўллар тизими, сенат

Фото: Сенат ахборот хизмати

Таъкидланишича, 2022 йил давомида ўтказилган ҳамкорликдаги тезкор назорат ва кузатув тадбирлари натижасида 634 та маъмурий ва 10 та жиноий иш қўзғатилган. Ҳуқуқбузарликлар оқибатида табиатга 157,1 млн сўм миқдорида зарар етказилган. Айбдорларга нисбатан 473,9 млн сўм жарима қўлланган ва ундирилган.

«Кўллар тизими сув ҳажмини сақлаб туриш мақсадида Мирзачўл коллекторининг назорат пунктида „ақлли сув“ қурилмаси ўрнатилиб, сув ҳисоби олиб борилиши йўлга қўйилган. Назорат ишлари натижасида 2022 йил давомида кўллар тизими 1 млрд 918 млн м3 ички коллектор-дренаж сувлари билан тўйинтирилган. Келгусида кўллар тизимининг гидрометеорология фаолияти самарадорлигини ошириш, гидрологик кузатувлар тизимини такомиллаштириш мақсадида 2 та гидропост ташкил қилиш режалаштирилган», — дейилади қўмита ҳисоботида.

Маълум қилинишича, ташқи сув манбаларидан Айдар-Арнасой кўллар тизимига 2023 йилнинг 10 февраль ҳолатига 500 млн м3 дан ортиқ чучук сув ташланган. Шунингдек, келгусида кўллар тизимига ташқи манбалардан қўшимча 1 млрд м3 чучук сув олиш масаласи юзасидан ишлар давом эттирилмоқда.