2023 йил 1 апрелдан бошлаб, Ўзбекистонда давлат боғчалари кўп қаватли уйларда ташкил этилиши мумкин. Бу ҳақида жорий йилги Давлат дастури лойиҳасида келтириб ўтилган.

Қайд этилишича, бу билан мактабгача таълим муассасаларини ташкил этишда бино ва иншоотлар танқислиги бартараф этиш имкони яратилади. Масалан, битта 150 ўринли давлат боғчасини яратиш учун ўртача 6 миллиард сўм маблағ талаб этилади. Бундан ташқари, янги боғчани кўриш учун ер масаласи оғирлигича қолмоқда. Шу билан бирга, битта 3 хонали квартирада 25 нафар бола учун боғча ташкил этиш мумкин. 150 нафар бола учун 6 та квартирани харид қилиш ва жиҳозлашга ўртача 4 миллиард сўм талаб этилади.

Бундан ташқари, давлат-хусусий шериклик лойиҳаси доирасида ижарага берилган ер участкасида нодавлат мактабгача таълим ташкилоти биносини қурган хусусий шерикка ушбу бинони мазкур лойиҳа учун банк кредитлари бўйича гаровга қўйишга оид чекловлар бекор қилинади.

Натижада, мактабгача таълим билан қамровни оширишда хизмат қилаётган ва зарур молиявий ресурсларга муҳтож бўлган 594 та тадбиркорга қўшимча имконият яратилади.