Ўзбекистоннинг 5 та ҳудудда электр энергияси тармоқларига ноқонуний уланиш ҳолатлари аниқланиб жами 618 млн сўм зарар етказилди, дея хабар берди Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.

Хусусан, Департаментнинг Зангиота туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувларда, «T.-B.», «T.A.» МЧЖ раҳбарлари ва «Ўртаовул» МФЙда яшовчи Ю.Б. маиший хизмат кўрсатиш биноларини электр таъминоти корхонаси билан шартнома тузмасдан, тармоққа ноқонуний улаб, жами 476,6 минг кВт/с электр энергиясидан фойдаланган.

Қарши шаҳар бўлими томонидан ўтказилган текширувда эса «К.г.» МЧЖ раҳбари ва бошқалар корхонага қарашли иссиқхонани электр тармоғига улаб, 348,1 минг кВт/с электр энергиясидан фойдалангани маълум бўлди.

Нарпай туман бўлими томонидан ўтказилган текширувда еса, «Н.б.» фермер хўжалиги раҳбари А.Т. ва бошқалар хўжалик трансформаторини ҳеч қандай ҳужжатсиз юқори кучланишли электр тармоғига ноқонуний улаб, 212,9 минг кВт/с электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган.

Бунндан ташқари, Урганч туманида «Z.Q.» МЧЖ ва «J.N.» хусусий корхонаси раҳбарлари умумий овқатланиш ҳамда қурилиш объектини умумий фойдаланишдаги электр тармоғига ҳисоблагичдан ташқари уланиб, 122,3 минг кВт/с электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланган.

Шу каби, Департаментнинг Хонобод шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда бўса, «Н.О.» оилавий корхонаси раҳбари корхона биносини умумий фойдаланишдаги электр тармоғига ҳисоблагичдан ташқари ўзбошимчалик билан улаб, 120 минг кВт/с электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилгани аниқланган.

Ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 185−2-моддаси (Электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.