Сурхондарё вилояти Термиз туманида гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланган шахсларга ҳукм ўқилди, дея хабар бермоқда ДХХ.

Маълум қилинишича, Термиз туманида яшовчи, 1989 йилда туғилган фуқаро 2021 йилнинг сентябрь ойида Денов туманида тожикистонлик шахсдан 2 кг «опий» моддасини 14 минг АҚШ долларига сотиб олади ва келгусида уни қайта сотиб, даромад топиш мақсадида уйида сақлайди.

2022 йилнинг июнь ойида у Термиз шаҳри ва Термиз туманида яшовчи, 1983 ва 1986 йилларда туғилган 2 нафар таниши билан ушбу моддани 40 минг АҚШ долларига сотган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан қўлга олинди.

Шунингдек, ҳолат юзасидан қўзғатилган жиноят иши доирасида Термиз шаҳрида яшовчи, 1985 йилда туғилган шахс ҳам мазкур ноқонуний ишга аралашгани аниқланди.

Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг ҳукмига кўра, ушбу 4 нафар шахс Жиноят кодексининг 246 (Контрабанда) ва 273-моддалари (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) билан айбдор деб топилиб, уларга 12 йилдан 14 йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.