Тошкент шаҳри Яккасарой туманида аҳолидан йиғилган 158,5 миллион сўмни ўзлаштирган хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати аниқланди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.

Департаментнинг Яккасарой тумани бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Унда аниқланишича, «D.K.» хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раҳбари С.А. Кичик Бешёғоч кўчасидаги кўп қаватли уйларда яшовчи аҳолидан коммунал тўловлар учун 158,5 миллион сўм нақд пулларни ширкат ҳисоб рақамига кирим қилмаган ва ўзлаштирган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошланган.