Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида 4-мактаб биносининг ташқи девори ёрилгани сабаб ёмғир сувлари пойдеворга сизиб кириб, унинг бироз чўкишига сабаб бўлди. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳолатга расмий изоҳ бериб, ҳозир пудратчи ёриқларни таъмирлаганини маълум қилди.

Келтирилишича, объект фойдаланишга топширилаётганда текширувчилар топган камчиликларни пудратчи тўлиқ бартараф этмаган. Шу сабабли ҳозир инспекция бинони фойдаланишга топшириш баённомасини расмийлаштирмаган.

«Бинонинг техник ҳолатига келадиган бўлсак, унинг ташқи деворидаги ёриқлар сабаб том қисмидан тушаётган ёмғир сувлари бинонинг пойдевор қисмига кетаётганлиги оқибатида пойдеворда чўкиш юзага келган. Бугунги кунда юзага келган ёриқлар пудратчи томонидан таъмирланган. Пудратчига баҳорги таътил вақтида қайта тўлиқ таъмирлаш бўйича кўрсатма ҳам тақдим этилган», — дейилади хабарда.

Шунингдек, қурилиш объектида 120 ўринли қўшимча бино қурилиши лойиҳада белгиланган. Бироқ бош режада кўрсатилган ҳудудда кўп йиллик дарахтларни кесишнинг имкони йўқлиги сабаб унинг қурилиши аввал белгиланган жойдан бошқа ерга кўчирилган. Қурилиш жараёнида киритилган ўзгартиришларга буюртмачи томонидан 2020 йил март ойида баённома расмийлаштирилган.