2023 йилда Орол денгизининг қуриган 100 минг гектар майдонида ҳимоя ўрмонзорлари барпо этилади. Бу ҳақда Ўрмон хўжалиги агентлиги ахборот хизмати раҳбари Отабек Ашуров АОКАда бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.

Таъкидланишича, мазкур яшил қопламаларни барпо этиш учун саксовул, қандим, қорабуроқ каби чўл ўсимликларидан жами 420 тонна уруғ тайёрланади.

«100 гектар майдонда саксовул ва бошқа чўл ўсимликларидан ниҳолхоналар ташкил этилади. Зарур миқдордаги техника ва механизмлар, мутахассис ва ишчи-ходимлар, шунингдек, ихтиёрий равишда аҳоли вакиллари ўрмон мелиоратив тадбирларини амалга ошириш учун жалб қилинади», — деди у.

Унинг таъкидлашича, Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 20 январдаги 25-сонли фармойишига асосан, 2023 йилда яшил қопламалар барпо этишни молиялаштириш тартиби белгиланди. Фармойиш бўйича Орол денгизининг суви қуриган тубида жорий йилда ҳимоя ўрмонзорлари барпо этиш учун жами 25 млрд сўм маблағ талаб этилади.

орол денгизи, оролбўйи, ўрмон хўжалиги агентлиги, яшил қопламалар

Ўрмон хўжалиги агентлиги ахборот хизмати раҳбари Отабек Ашуров. Фото: АОКА.

«Бу жараёнларни молиялаштириш учун Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш жамғармасидан 5 млрд сўм, Ўрмон хўжалигини ривожлантириш жамғармасидан 5 млрд сўм, Акциядорлик тижорат банкларидан 5 млрд сўм, Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг ошириб бажарилган қисми ҳисобидан 10 млрд сўм ажратилади. Бундан ташқари, ўтган йиллардаги мавжуд қарздорликлар учун Вазирлар Маҳкамасининг заҳира жамғармасидан 5,5 млрд сўм мақсадли маблағлар ажратилиши кўзда тутилмоқда», — деди Отабек Ашуров.

2023 йилда Оролбўйи минтақаси ҳисобланган Навоий вилоятида 50 минг гектар, Бухоро вилоятида 40 минг гектар ҳамда Хоразм вилоятида 11 минг гектар майдонда яшил қопламалар ташкил қилинади.

Агентлик вакилининг сўзларига кўра, Орол денгизининг қуриган тубида 2022 йилда 107 минг гектар майдонга саксовул ва бошқа чўл ўсимликлари экилган.

«Чўл ўсимликларидан жами 590,3 тонна уруғ тайёрланди, шундан, 391 тоннаси маҳаллий аҳолига тегишли. 100 гектар майдонда саксовул ва бошқа чўл ўсимликларидан ниҳолхоналар ташкил этилди. Бу жараёнларга 635 нафар ишчи-ходимлар, 250 дона юқори унумли тракторлар ва 2 дона кичик авиация (АН-2) жалб қилинди. Шунингдек, мазкур яшил қопламалар соҳа олимлари томонидан доимий мониторинг қилиниб, чўл ўсимликларининг кўкариши бўйича яхши натижаларга эришилмоқда», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, ҳукуматнинг 2022 йил 18 январь кунги қарори билан Орол денгизининг суви қуриган туби ва Оролбўйининг 1 млн гектаргача ҳудудларида чўл ўсимликларини экиш белгиланганди.

Унга кўра, 2022−2026 йилларда Орол денгизининг суви қуриган туби ва Оролбўйи ҳудудларида «яшил қопламалар» — ҳимоя ўрмонзорлари барпо этилади. Бунда Қорақалпоғистон Республикасида 500 минг гектар, Бухоро вилоятида 200 минг гектар, Навоий вилоятида 250 минг гектар ва Хоразм вилоятида 50 минг гектар чўл ўсимликлари: саксовул, қорабуроқ, қандим ва черкез экилади.

Юқоридаги мақсадлар 2023 йилги давлат дастурининг лойиҳасида ҳам қайд этилган бўлиб, у 17 февралгача жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.