Тошкент вилояти ва Қорақалпоғистонда ноқонуний ер савдоси билан шуғилланган шахслар аниқланди, дея хабар қилмоқда Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.

Департаментнинг Ўрта Чирчиқ туман бўлими томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди. Унда аниқланишича, фуқаро И.Қ. Нурафшон шаҳар, «Дегантепа» МФЙдаги 20 сотих бўш ер майдонини фуқаро А.С.га 14 500 АҚШ долларига сотишга келишган ва танишлари ёрдамида ер майдони ҳужжатларини расмийлаштириб беришни ваъда қилган.

Гумонланувчи олдиндан 5 500 АҚШ долларини олган вақтида эса ашёвий далиллар билан ушланган.

Шу каби, департаментнинг Шуманай туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро Д.К. сохта ҳужжатлар орқали ўзининг номига расмийлаштириб олган Нукус шаҳар, «Қум овул» МФЙдаги захирадаги 6 сотих ер майдонини фуқаро М.А.га сотишга келишиб, ушбу ер майдони учун 37 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик), 28, 211-моддаси (Пора бериш) ва 228-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.