Қурилиш вазирлиги ижтимоий тармоқларда Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманида қурилган янги «новастройка»ларнинг деворлари 1 йилга қолмасдан ёрилаётгани айтилган хабарлар юзасидан муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, туманнинг Мағрур кўчасидаги 55Б-уй 2017 йилда фуқаро Б. З. томонидан ўзи ва оила аъзоларининг яшаши учун якка тартибдаги уй-жой сифатида қурилган ва фуқароларга алоҳида квартира сифатида ўзбошимчалик билан реконструкция қилинган ҳолда сотилган.

Ҳолат юзасидан Республика суд экспертиза марказининг 2020 йил 17 декабрдаги қурилиш-техника экспертизасининг хулосасига кўра, бино қатор талабларга, хусусан, сейсмик зонада қурилиш ўтказиш талабларига жавоб бермаслиги маълум бўлган, ҳозирги кунда авария ҳолатида эканлиги аниқланган.

2022 йилнинг февраль ойида Мирзо Улуғбек туман прокуратураси томонидан Quyun МЧЖ раҳбари Б. З. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 186-моддаси (Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) 4-қисми «а», «б» бандлари, 168-моддаси (Фирибгарлик) 4-қисми «а» банди ва 229-моддаси (Ўзбошимчалик) билан жиноят иши қўзғатилган.

«Жиноят ишида тўпланган ҳужжатларга кўра, Б. З. акаси Р. З. билан Мағрур кўчаси 55Б-уй ва бошқа манзилларда шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини жиддий равишда бузган ҳолда 3 қаватдан иборат бўлган сифатсиз уйларни қуриб, алдов йўли билан фуқароларга сотган», — дейилади туман ҳокимлиги хабарда.

Юқоридаги ҳолатлар бўйича суд ҳукми билан Б. З.га 8 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Акаси Р. З. терговдан яширинганлиги сабабли унга қидирув эълон қилинган.

Ҳокимликнинг қайд этишича, фуқароларга тўланадиган компенсация масаласи Тошкент шаҳар суди апелляция инстанциясида кўрилмоқда.

Ҳозирда ушбу бино ваколатли лойиҳа институтлари томонидан ўрганилмоқда. Натижалар ҳақида қўшимча ахборот тақдим қилинади.