Тожикистон давлат чегарасини кесиб ўтиш пунктларида COVID-19 билан боғлиқ чекловлар олиб ташланди, деб хабар қилди мамлакатнинг «Ховар» Миллий ахборот агентлиги.

Республика штаби Тожикистонда COVID-19 касаллиги бўйича эпидемиологик вазиятни барқарорлашгани, мамлакат аҳолисининг эмланганлик даражаси юқорилиги, минтақа ва хорижий давлатларда ушбу касаллик билан боғлиқ вазиятни нормаллашгани, ҳаво, қуруқлик ва сув транспортида йўловчилар ва юкларни ташишдаги чекловларни бекор қилинганини ҳисобга олган ҳолда ушбу қарорни қабул қилди, дейилади хабарда.

Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигига чегарадаги карантин-санитария пунктларининг «оддий» режимда ишлашини таъминлаш ҳамда Тожикистон ва хорижий давлатлар фуқароларининг соғлиғининг умумий ҳолатини ҳисобга олиш топширилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига сўров ва мурожаатларни ҳисобга олиб республика аҳолисининг мақсадли гуруҳларини эмлаш бўйича топшириқ берилди.