10 февраль куни президент «Мебель маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва экспорт қилишни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги [ПҚ-51-сонли] қарорга имзо чекди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар бермоқда.

Қарорга кўра, 2023 йил 1 февралдан 2024 йил 1 январгача тайёр мебель маҳсулотларини экспорт қилувчи тадбиркорларга хориждаги офис, савдо ва омбор биноларини ижарага олиш харажатларининг бир қисми, яъни майдоннинг 250 квадрат метр ҳудудига тенг пули қоплаб берилади. Аввал бу меъёр 100 квадрат метр эди.

Шунингдек, йиллик тушумида тайёр мебель маҳсулотлари экспортидан тушум улуши камида 30 фоизни ташкил қиладиган маҳаллий корхоналар томонидан инженер-технолог, лак ва бўёқ сепиш устаси, дизайнер каби хорижий мутахассислар жалб қилинганда, улар иш ҳақининг 25 фоизи қоплаб берилади. Бу меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича энг кам миқдорининг 9 баробаридан кўп бўлмаган қисми (8 млн 280 минг сўм) қоплаб берилади.

2023 йил 1 февралдан 2024 йил 1 январгача тегишли мебель ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган хомашё, эҳтиёт қисмлар, фурнитура ва аксессуарлар импортида божхона божининг ноль ставкаси қўлланилади.

Бундан ташқари, президентнинг 2021 йилда чиққан қарорида назарда тутилган хомашё, эҳтиёт қисмлар, фурнитура ва аксессуарларни Ўзбекистонга олиб киришда божхона божининг ноль ставкаси қўлланилиши 2024 йил 1 январгача узайтирилди.

қарор