Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида электр энергия ҳисоб-китобини ноқонуний равишда камайтириб келган тадбиркор аниқланди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги маълум қилди.

Энергетика вазирлиги ҳузуридаги «Oʼzenergoinspeksiya» Самарқанд ҳудудий бўлими томонидан Тойлоқ тумани электр таъминоти корхонасида истеъмолчиларнинг электр энергиясидан фойдаланишдаги қоидаларга риоя юзасидан текширув ўтказилди. Ўрганиш давомида «О.Е» МЧЖ томонидан фойдаланилган электр энергиясининг ҳисоб-китоби миқдори сунъий равишда камайтирилган ҳолда ҳисоботлар электр таъминоти корхонасига тақдим этиб келингани аниқланди.

Оқибатда электр таъминоти манфаатларига жами 1,8 миллиард сўм зарар етказилди.

Ҳолат бўйича қоидабузар МЧЖга нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўрилиб, тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилган.