Тошкентда «Олмазор сув таъминоти» ходими тупроқ босиб қолиши оқибатида ҳалок бўлди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Бош прокуратура матбуот хизмати маълум қилди.

Маълум қилинишича, 8 февраль куни соат 18:30 ларда «Олмазор сув таъминоти»га «Университет» маҳалласининг Чимбой 2-тор кўчасида 600 мм.лик қувур ёрилгани ҳақида хабар келиб тушган. Носозликни бартараф этиш жараёнида «Олмазор сув таъминоти» ходимларидан бири — Шайхонтохур тумани Жарариқ маҳалласи яшаган чилангар, 39 ёшли К. Н. тупроқ босиб қолиши оқибатида вафот этган.

Мазкур ҳолат бўйича тергов-тезкор гуруҳи аъзолари воқеа жойини кўздан кечиришган. Шунингдек, навбатчи терговчи О. Камалов томонидан суд-тиббий экспертизаси тайинланган.

Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича Олмазор туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.