9 февраль куни Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида меъёрдан юқори даражада шамол бўлиши кутилмоқда. Ўзгидромет раҳбари Шерзодхўжа Ҳабибуллахўжа ўзининг Facebook`даги саҳифасида пойтахтдаги машина эгаларига автомобилларини хавфсиз жойга қўйишни тавсия қилди.

Синоптикларнинг хабар беришича, пайшанба куни Ўзбекистонда ҳаво ўзгарувчан бўлиб, ёмғир ёғади, баъзи жойларда қорга айланади. Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятларида ёғингарчилик кутилмайди. Шамол ғарбдан 7−12 м/с тезликда эсади, баъзи жойларда 17−22 м/с гача кучайиши мумкин. Ҳарорат +4…+9 илиқ, шимолда +2…-7 даража совуқ бўлади.

Пойтахтда ҳаво булутли, вақти-вақти билан ёмғир ёғиб, куннинг иккинчи ярмида қорга айланиши мумкин. Республиканинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида ҳаво ўзгариб туради, қор ёғади, баъзи жойларда кучли бўлади, туман тушади.