2023 йил 1 мартдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига нисбатан янги турдаги жавобгарлик ва жазо чораларини жорий этишга бир йиллик мораторий ўрнатилиши мумкин. Бу ҳақда жорий йилги давлат дастури лойиҳасида таклиф киритилди.

Ушбу тартиб тадбиркор ва корхоналарнинг ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтириш ва жавобгарлигини либераллаштириш мақсадида йўлга қўйилади, дейилади лойиҳада.

Уни тартибга солиш учун қонун лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилиши мумкин. Агар давлат дастурининг мазкур банди тасдиқланса, қонунга савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузганлик учун жиноий жавобгарлик маъмурий юрисдикцияга ўтказиш орқали бекор қилинади.

Қолаверса, тадбиркорлик билан шуғулланаётган шахс биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этса, унга молиявий санкциялар қўлланмайди. Лекин унинг қилмиши жиноят ишлари ёки кўриб чиқилаётган ҳуқуқбузарликлар доирасида аниқланса, жавобгарликка тортилади.

Буни қонуний белгилаш учун Адлия вазирлиги Бош прокуратура билан биргаликда бир ой муддатда қонун лойиҳасини белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритади. Натижада тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ жазо чоралари либераллаштирилиши кутилмоқда.

Ҳозирда Давлат дастури лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Унга 17 февралгача таклиф киритиш мумкин.