2023 йил 1 апрелдан профессионал таълим муассасаси (коллеж ва техникумлар) педагогларининг базавий тариф ставкалари мос равишда умумий ўрта таълим муассасаси педагогларининг базавий тариф ставкаларига тенглаштирилиши мумкин. Бу ўзгариш жорий йилги Давлат дастури лойиҳасида келтириб ўтилган.

Профессионал таълим тизимини ривожлантириш, меҳнат бозори ва иш берувчиларнинг талабларига мос бўлган малакали ўрта
бўғин кадрларини тайёрлаш мақсадида:

2023/2024 ўқув йилидан давлат грантлари коллеж ва техникумларнинг дуал таълим шакли бўйича ҳам ажратилиши, натижада жорий йилда дуал таълим шакли бўйича давлат гранти асосида камида 5,7 минг нафар ўқувчи қабул қилиниши режалаштирилмоқда.

Дуал таълим шаклида ўқувчи профессионал таълим муассасасида назарий билимларни олади ва бир вақтнинг ўзида ишлаб чиқариш корхонасида меҳнат фаолиятини амалга ошириб, амалий кўникмаларини мустаҳкамлайди (Германия, Швейцария, Австрия тажрибаси). 2023 йил 1 сентябрга қадар Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида малакали хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда Европа касбий таълим ва касбга ўқитиш сифатини таъминлаш тизими талабларига тўлиқ жавоб берадиган 1 тадан намунавий профессионал таълим муассасаси фаолияти йўлга қўйилиши мумкин.

Натижада намунавий профтаълим муассасалари Европа Иттифоқи комиссияси, Германиянинг Халқаро ҳамкорлик жамияти (ГИЗ), КФВ банки, Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчихонасини, Кореянинг «ЕДЦФ» фонди билан биргаликда ташкил этилади. Ушбу муассасалар фаолиятига замонавий стандартларни жорий қилиш учун уларга ўқув режа ва дастурларни, таълим шакли ва муддатини мустақил белгилашга рухсат этилади. Шунингдек, ҳар битта муассасага 4 нафардан хорижий экспертлар жалб этилади.

2023 йил 1 апрелдан бошлаб:

  • профессионал таълим муассасаси педагогларининг базавий тариф ставкалари мос равишда умумий ўрта таълим муассасаси педагогларининг базавий тариф ставкаларига;
  • профессионал таълим муассасаси биринчи ва иккинчи малака тоифасига эга бўлган, малака тоифасига эга бўлмаган олий маълумотли ҳамда олий маълумотга эга бўлмаган ишлаб чиқариш таълими усталарининг базавий тариф ставкалари тегишинча умумий ўрта таълим муассасаси биринчи ва иккинчи малака тоифали ўқитувчиси, олий маълумотли ўқитувчиси ҳамда ўрта махсус маълумотли ўқитувчисининг базавий тариф ставкаларига тенглаштирилиши мумкин.

Бу орқали 27 та профессионал таълим муассасаси ўқитувчиларининг ойлик маошлари 20 фоизга оширилиб, ўртача 3 млн сўмга тенг бўлиши кўзда тутилган. Ушбу мақсадларга 2023 йилда 139 млрд сўм йўналтирилади.

Ҳозирда Давлат дастури лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Унга 17 февралгача таклиф киритиш мумкин.