Қашқадарё вилояти прокуратураси «Агробанк» АТБ Қамаши тумани филиали мансабдор шахслари салкам 4 млрд сўмни ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилганликда гумонланаётгани ҳақида хабар берганди. Мазкур хабарга Агробанк АТБ матбуот хизмати муносабат билдирди.

Унда қайд этилишича, ҳақиқатдан ҳам ушбу жиноий ҳолат банк томонидан ўтказилган режали комплаенс тадбирлари давомида аниқланган ва Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳамда Марказий Банк ўртасида имзоланган 304-сонли тартибга асосан тўпланган ҳужжатлар Қашқадарё вилояти прокуратурасига юборилган.

«Оммавий ахборот воситалари эътиборини шунга қаратамизки, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Жиноят Кодекси талабларига кўра шахс суд ҳукмига асосан у ёки бу жиноятни содир этганликда айбдор деб топилмагунига қадар уни жиноят содир этишда айблаш ёки гумон қилиш мумкин эмас ҳамда «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонуннинг 6 моддасига асосан айнан прокурор, терговчи ёки суриштирувчининг ёзма рухсатисиз тергов материалларини эълон қилиш таъқиқланган. Шу муносабат билан бу ҳақида оммавий ахборот воситалари орқали маълумот тарқатиш шахснинг ҳуқуқини поймол қилиш ва банкни обрўсизлантириш деб ҳисобланади», — дейилади хабарда.

Шунингдек, банк матбуот хизмати «Ахборот олиш эркинлиги тўғрисида»ги қонуни талабларига кўра эълон қилинаётган маълумотнинг ҳаққонийлиги ва сифатлилигини таъминлаш учун ҳамкорлик қилишни сўради.

Аввалроқ, тергов давомида 3 нафар мансабдор шахсга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилгани ва 4 млрд сўм талон-торож қилингани маълум бўлганди.