Ижтимоий тармоқларда «Сирдарё тумани Шоликор МФЙда ёввойи тўнғизлар аҳолига ҳужум қилаётгани, натижада одамлар жароҳатланаётгани айтилмоқда» мазмунида видеохабар тарқалди. Ушбу хабар юзасидан Сирдарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси муносабат билдирди.

Таъкидланишича, 2022 йилнинг 7 октябрь куни Сирдарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, вилоят ИИБ ЖХХ ва ЖТСБ ҳамда Овчилик бирлашмаси ходимлари ҳамкорлигида назорат рейд тадбири ўтказилган. Тадбир давомида видеотасвирдаги ҳолат Гулистон тумани «Чортоқ» маҳалласидаги фермер хўжалиги ҳудудида бўлгани, фуқаро Б.А. ўзига тегишли ов қуроли ёрдамида ов қоидаларини бузган ҳолда 1 дона тўнғиз (ёввойи чўчқа) овлагани аниқланган.

ёввойи тўнғиз, ноқонуний овчилик, сирдарё вилояти

Фото: Сирдарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ахборот хизмати

Вилоят экология бошқармаси матбуот котиби Хуршида Юсуфжонованинг «Газета.uz» мухбирига айтишича, ҳолат 2022 йилнинг кузида кузатилган ва бошқарма инспекторлари томонидан октябрь ойида ўрганилиб, аниқлик киритилган.

«Орадан анча вақт ўтиб, январь ойи охирларида ўша ҳолат бўйича яна видеолар тарқалди. Биз бу ҳолатни октябрда ўрганиб, ўша пайтдаёқ расмий муносабат ҳам берганмиз. Шуни алоҳида айтишим керакки, видеода трактор тўнғизни судраб кетаётгани акс этган ҳолат ўз тасдиғини топган. Аммо тасвирда одамни тўнғиздан қочиб, дарахтга чиқиб олгани бу жараёнга тааллуқли эмас. Видеодаги бу кадрлар монтаж қилиниб, қўшиб юборилган. Буни ким ва нима мақсадда қилганлигини билмаймиз. Тўнғизнинг одамларга ташланиб, қувлаган ҳолати Сирдарёда умуман бўлмаган, бундай хабарни эшитмаганмиз», — деди у.

Унинг қўшимча қилишича, фуқаро Б.А. фақат битта тўнғиз овлаган. Унга нисбатан Ўзбекистон МЖтКнинг 90-модда 1-қисми билан маъмурий жарима (3 млн сўм) жазоси белгиланган.

Сирдарё вилояти экология бошқармаси бўлим бошлиғи Шерзод Шодиевнинг қайд этишича, фуқаро Б. А.да фақат битта тўнғизни овлашга рухсатнома бўлган. Тартибга кўра, овчи овлаган ҳайвонини лицензиясига белгилаши керак.

«Аммо фуқаро Б. А. ов жараёнидан сўнг тўнғизни овлаганини лицензиясига белгиламаган, ҳайвонни ов қилинган ҳудуддан олиб чиқиб кетмаган. Шу сабабли у жаримага тортилган. Агар бизнинг инспекторлар уни кўриб қолмаганида, фуқаро яна бошқа тўнғизни овлаши мумкин эди. Чунки у лицензиясига битта тўнғизни овлаганини белгиламаган, бўш жой қолиб кетган эди» — деди Шодиев.