Бухоро вилоятида ноқонуний диний таълим бераётган шахслар аниқланди, дея хабар бермоқда Бухоро вилоят ИИБ.

Хусусан, 31 январь куни Пешку туманида истиқомат қилувчи С. Ш. (1987 йилда туғилган) ва Х. Б. (1990) томонидан ташкил этилган «Мисвоҳ» номли ўқув марказида араб тилини ўргатиш баҳонасида 9 нафар вояга етмаган ёш ва 19 та катта ёшдаги шахсга қонунга хилоф равишда диний таълим бериб келаётгани маълум бўлди.

Бундан ташқари, Т. М. (1993) Telegram месенжерида «Муслималар» номли виртуал гуруҳ ташкил қилиб, 8 нафар фуқарога расмий ҳужжатлари бўлмаган ҳолда онлайн тарзда араб тилини ўргатиш баҳонасида ноқонуний диний таълим бериб келаётгани аниқланди.

«Жавобгар шахслар томонидан Ўзбекистон Олий суди томонидан фаолияти тақиқланган „Салафийлар“ ДEОнинг ғоявий раҳнамоларидан бири бўлган Содиқ Самарқандий маърузаларини ижтимоий тармоқлар орқали тарқатиб келгани ҳам маълум бўлган», — дейилади хабарда.

«Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонунининг 3-моддасида диний ташкилот сифатида рўйхатдан ўтмасдан фаолият кўрсатиш, диний ташкилот томонидан фаолиятни ўзи турган жойдан, шу жумладан ибодат қилинадиган бинолардан ва диний ташкилотга тегишли ҳудудлардан ташқарида амалга ошириш, шунингдек диний таълим муассасаларидан ташқарида хусусий тартибда диний таълим фаолияти билан шуғулланиш тақиқланади.

Қолаверса, 8-моддасида ҳар ким диний таълим муассасаларида профессионал диний таълим олиш ҳуқуқига эга эканлиги, диний таълим муассасаларида ўқишга фуқаролар қонунчиликка мувофиқ умумий ўрта, ўрта махсус таълим ёки профессионал таълим олганидан кейин қабул қилинишлари белгилаб қўйилган.

«Шу муносабат билан ушбу фуқароларнинг хатти-ҳаракатларида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 241-моддасида (Диний таълимотдан сабоқ бериш тартибини бузиш) кўзда тутилган ноқонуний ҳаракатлар мавжуд», — дейилади хабарда.