31 январь куни Жиззах шаҳрида 4 киши ис газидан заҳарланиб вафот этди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Бош прокуратура матбуот хизмати маълум қилди.

Сайилгоҳ кўчасида жойлашган хонадонларнинг бирида 4 нафар (2 нафар талаба — 1 нафари Sambhram университети 2-курс, 1 нафари Жиззах политехника институти 2-курс) шахснинг мурдаси топилди. Суд-тиббий экспертизасининг маълумотларида марҳумларнинг ўлимига ис газидан заҳарланиш сабаб бўлгани қайд этилди.

Мутахассисларнинг бирламчи маълумотига кўра, ҳодиса содир бўлган хонадонга ўрнатилган иситиш тизими табиий газдан фойдаланиш ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига зид экани кўрсатилган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 207-моддаси (Мансабга совуққонлик билан қараш) 3-кисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.