Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Ўзбекистон Қуролли кучларини қуроллантириш ва мудофаа саноати соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони имзоланди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Қуролли кучларини қуроллантириш бўйича давлат комиссияси ташкил этилди ва қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

  • махсус органларни қурол-яроғ, ҳарбий ва махсус техника ҳамда бошқа ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотлар билан таъминлаш бўйича яқин, ўрта ва узоқ муддатли истиқболларни белгилаш;
  • Ўзбекистон Қуролли кучларини ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотлар билан таъминлаш бўйича комплекс дастурларни кўриб чиқиш ва тасдиқлаш;
  • махсус органларни ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотлар билан таъминлашни молиялаштириш масалаларини кўриб чиқиш ва унинг манбаларини белгилаш;
  • давлат мудофаа буюртмасини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш.

Шунингдек, комиссия янги ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш ёки мавжудларини модернизация қилиш, инвестицияларни жалб қилиш ва ушбу соҳада давлат-хусусий шерикликни йўлга қўйиш, соҳани ривожлантириш учун имтиёзлар ва преференциялар бериш бўйича таклифларни кўриб чиқади.

Ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар, озиқ-овқат, кийим-кечак анжомлари, дори воситалари, ёнилғи-мойлаш материаллари ва бошқа ҳарбий-техник мол-мулкнинг стратегик захираларини яратиш чораларини белгилайди.

Давлат комиссияси раиси Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳисобланади.

Бундан ташқари, комиссия:

  • мудофаа саноатини ривожлантириш, ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотлар бўйича янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил қилиш масалаларини;
  • уруш даври учун маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналарига сафарбарлик топшириғини бириктириш бўйича таклифларни;
  • махсус органларни қуроллантириш ва мудофаа саноатини ривожлантириш бўйича чора-тадбирларнинг бажарилишини кўриб чиқади.

Шу билан бирга, Мудофаа саноати давлат қўмитаси негизида Мудофаа вазирлиги ҳузурида Мудофаа саноати агентлиги тузилди.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузурида эса O’ztextreyd давлат унитар корхонаси тузилди. Корхона ҳарбий ва икки ҳил мақсадга мўлжалланган маҳсулотларнинг импорт-экспорти билан шуғулланади.