Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан жинсий зўравонлик ҳолатлари камайган, аммо руҳий ва иқтисодий зўравонлик ортиб бормоқда. Бу ҳақда Халқаро пресс-клубнинг 1 февраль кунги сессиясида сенатор Гулнора Маруфова таъкидлаб ўтди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитасида доимий асосда ишловчи сенатор Гулнора Маруфованинг таъкидлашича, мамлакатда аёлларга нисбатан жинсий зўравонлик икки бараварга камайган.

«Буни Ички ишлар вазирлигидан олдик. Бу ҳақдаги маълумотлар шу вазирлик томонидан ошкор бўлади. Ҳозир аёлларга нисбатан руҳий ва иқтисодий зўравонлик ҳолатлари кўпаймоқда, статистика буни кўрсатиб турибди. Лекин натижа ҳам бўляпти, масалан, жинсий зўравонликни икки бараварга камайган. Бу борада, албатта, қонун бўйича ишлар олиб бориляпти, тушунтириш ишлари бўлмоқда ва бунга жамиятимизнинг ўзи ҳам бефарқ бўлмай, нафрат билан муносабат билдиряпти», — деди сенатор.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда хотин-қизлар, болалар ва кекса ёшдаги ота-оналар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унга кўра, 18 ёшга тўлмаганларнинг номусига тегиш, зўрлик ишлатиб, жинсий эҳтиёжни қондириш учун жавобгарлик кучайтирилмоқда. Хусусан, уларга нисбатан амнистия қўлланмайди.