Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасидаги «Фуқароларнинг ўзаро келиб-кетиш шартлари тўғрисида»ги битимга ўзгартириш киритилиб, ўзбекистонликларнинг ушбу давлатга кириши, бўлиши ва чиқиб кетиши тартиби ўзгарди. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ахборот хизмати хабар берди.

Унга кўра, Ўзбекистон фуқаролари чегарани кесиб ўтган кундан бошлаб 30 календарь кун давомида Қозоғистонда рўйхатдан ўтмасдан бўлиши мумкин (амалдаги тартибга кўра 5 кун). Аммо умумий бўлиш муддати 180 календарь куни давомида 90 календарь кундан, яъни 6 ой давомида 3 марта кириб-чиқиши ва жами бўлиш муддати 3 ойдан кўп бўлмаслиги керак.

Ушбу янги қоида Қозоғистонга 2023 йил 27 январдан кейин кирган шахсларга нисбатан қўлланади.

Қозоғистонга ишлаш мақсадида борувчи Ўзбекистон фуқаролари учун 1 ой давомида иш берувчи билан меҳнат шартномасини тузгач, уни Халққа хизмат кўрсатиш марказида рўйхатга киритиб, 3 ой муддат учун рухсатнома олиш ёки салоҳиятли иш берувчилар томонидан квота асосида ишга жалб қилиш тартиби мавжуд.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил ноябрь ойида Ўзбекистон ва Қозоғистон фуқароларнинг ўзаро саёҳатлари шартларини янгилашни режалаштирганди. Унда бир давлат фуқаролари иккинчи давлат ҳудудида 30 кунгача рўйхатдан ўтмасдан қолишлари мумкинлиги кўзда тутилган эди. Ўша пайтда бу муддат 5 кунни ташкил этган.