Кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний савдосига қарши курашиш доирасида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ички ишлар ва божхона органлари ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбирлар ўтказилди, деб хабар берди ДХХ матбуот хизмати.

Келтирилишича, Тошкент вилояти Оҳангарон туманида жойлашган «Чинор» ЙПХ масканида Cobalt тўхтатилиб, текширилган. Натижада ҳайдовчи — Фарғона вилояти Олтиариқ туманида яшовчи, 1989 йилда туғилган шахс ва унда йўловчи сифатида кетаётган, Фарғона туманида истиқомат қилувчи, 1986 йилда туғилган фуқаро 10 864 дона «Регапен» ҳамда 1995 дона «Тропикамид» кучли таъсир қилувчи дориларини Тошкент шаҳрига олиб кетаётгани маълум бўлди.

Тезкор тадбир давом эттирилиб, Сергели туманида бу дори воситаларини қабул қилиб олган вақтларида Яшнобод туманида яшовчи, 1988 йилда туғилган, муқаддам судланган аёл ва Учтепа туманида истиқомат қилувчи, 1990 йилда туғилган фуқаро ушланди.

Яна бир ҳолатда Тошкент ҳалқа автомобиль йўлининг Бектемир тумани ҳудудидан ўтган қисмида тўхтаб турган Cobalt кўздан кечирилганда унинг салонида бўлган, Фарғона туманида яшовчи, 1996 йилда туғилган икки фуқаро 5450 дона «Регапен» ва 466 дона «Тропикамид» кучли таъсир қилувчи дори воситаларини Фарғона вилоятидан Тошкент шаҳрига олиб келгани маълум бўлиб, ушбу дори воситалари процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Яна бир ҳолатда Наманган-Тошкент йўналишида ҳаракатланаётган Cobalt пойтахтга кираверишдаги «Шарқ» ЙПХ масканида тўхтатилиб текширилди. Натижада унда йўловчи сифатида кетаётган, Учқўрғон туманида яшовчи, 1980 йилда туғилган аёлга тегишли сумкада 590 дона «Селофен» ва 478 дона «Тропикамид» кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланди.

Суриштирув ҳаракатлари давомида у дори воситаларини Тошкент шаҳрида кутиб турган, 1991 ва 1997 йилларда Жиззах вилоятида туғилган икки фуқарога олиб бориб бериши кераклиги маълум бўлиб, Сергели туманида ушбу шахслар ҳам дори воситаларини қабул қилиб олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди.

Шунингдек, Чилонзор туманидаги меҳмонхонанинг улар вақтинча жойлашган хонасидан 137 дона «Селофен» ва 11 дона «Тропикамид» кучли таъсир қилувчи дори воситалари процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Барча кучли таъсир қилувчи дори воситалари Қирғизистондан ноқонуний йўллар билан олиб келингани маълум бўлди. Ҳозирда ҳолатлар юзасидан ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.