Жисмоний шахслар 2022 йилда тижорат банкларидан 8,9 млрд доллар сотиб олди. Бу ҳақда Марказий банкнинг ички валюта
бозори шарҳида келтирилди

Ҳисобот даврида жисмоний шахслар томонидан тижорат банкларига сотилган чет эл валютаси миқдори 11,9 млрд долларни ташкил этди. Шу билан бирга, жисмоний шахсларга 8,9 млрд доллар сотилди ҳамда ушбу кўрсаткич 2021 йилга нисбатан 1,9 баробарга ўсди (2021 йилда — 4,6 млрд доллар).

доллар, тижорат банклари

Жисмоний шахслар билан амалга оширилган операциялар ҳажми (млн АҚШ доллар). Фото: Марказий банк

2022 йилда жисмоний шахсларнинг чет эл валютаси таклифи ҳажми унга бўлган талаб ҳажмидан 2,9 млрд долларига ортиқ бўлди. Бу ўз навбатида, ички валюта бозорида қўшимча таклиф манбаи бўлиб хизмат қилди. 2022 йилда халқаро пул ўтказмалари орқали республикага 16,9 млрд доллар миқдорида валюта маблағлари келиб тушган бўлиб, ушбу кўрсаткич ўтган йилларга нисбатан сезиларли даражада ошди (2020 йилда — 6 млрд доллар ва 2021 йилда — 8,1 млрд доллар).

доллар, тижорат банклари

Халқаро пул ўтказмалари орқали республикага келиб тушган валюта маблағлари ҳажми (млн АҚШ доллар).

Ушбу ҳолат қуйидаги омиллар билан изоҳланади:

  • аввал юклаб жўнатилган маҳсулотлар (кўрсатилган хизматлар) (дебитор қарздорлик) бўйича тўловлар ҳамда экспорт учун олдиндан тўланган бўнакларнинг ошиши;
  • Россиядаги геосиёсий вазият таъсирида (капитални сақлаб қолиш мақсадида) республикадан чиқиб кетган валюта маблағларининг айрим қисмини экспорт тушумлари кўринишида ҳамда импорт шартномалари бўйича олдиндан тўлов сифатида Ўзбекистонга кириб келиши;
  • Россия ҳукумати томонидан «парралел» импортга рухсат берилиши ва Россия хўжалик субъектлари томонидан Европа биланбоғлиқ бўлган импортни Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистон орқали амалга ошираётгани билан изоҳланади.

Алмашув курси динамикаси

2022 йил давомида миллий валютанинг алмашув курси динамикаси ички валюта бозоридаги талаб ва таклиф факторлари, шу билан бирга, ташқи ва ички омилларнинг таъсирида шаклланди. Жаҳондаги геосиёсий кескинликларнинг юзага келиши, савдо ҳамкор давлатлар валюталарининг қадрсизланиши ҳамда аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектлари девалвацион кутилмаларининг ортиши фонида март ойининг дастлабки ҳафталарида хорижий валютага нисбатан талаб сезиларли даражада ошиши кузатилди.

Натижада, миллий валюта айирбошлаш курси йил бошига нисбатан 7 фоизгача қадрсизланиши кузатилди. Бунда, пул-кредит сиёсатининг ўз вақтида қатъийлаштирилиши валюта бозорининг барча сегментларида хорижий валютага талабнинг сезиларли даражада пасайишига ва таклифнинг ортишига таъсир кўрсатган бўлса, мослашувчан алмашув курси ташқи шокларнинг салбий оқибатларини юмшатишга хизмат қилди. Умуман олганда, 2022 йил давомида миллий валютанинг АҚШ долларига нисбатан тебраниши 10801 — 11572 доллар/сўм диапазонида шаклланди ва 3,9 фоизга қадрсизланди.

доллар, тижорат банклари

АҚШ долларининг миллий валютага нисбатан алмашув курси динамикаси (АҚШ доллар/сўм).

Қайд этилишича, миллий валюта алмашув курси динамикаси шаклланиши геосиёсий вазиятнинг ўзгариши, ички валюта бозори иштирокчиларининг кутилмалари ҳамда ташқи молия бозорлари конъюнктурасига боғлиқ бўлади. Марказий банк дисбаланслар ортиб бориши олдини олиш мақсадида эркин шаклланувчи валюта алмашувкурси режимига амал қилиб боради ҳамда олтин-валюта захиралари нейтраллик принципини таъминлаши таъкидланган.