Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ижтимоий тармоқларда тарқалган, янги ўқув йилидан бошлаб мактабларда 6 та фан — жисмоний тарбия, чақириққа қадар бошланғич ҳарбий тайёргарлик, мусиқа маданияти, тасвирий санъат ва чизмачилик, технология, тарбия фанлари ўтилмаслиги ҳақидаги хабарларнинг асоссиз эканини маълум қилди.

Қайд этилишича, тарқалаётган хабарлар 2020 йил карантин даврида чиққан эски маълумотлар бўлиб, бу чоралар пандемия даврида ўқувчиларнинг соғлиғини ҳимоялаш, ижтимоий масофани сақлаш ва ортиқча мулоқот қилишларининг олдини олиш мақсадида жорий этилган.

Айни дамда ушбу маълумотлар мутлақо асоссиз эканини маълум қиламиз ҳамда ҳақиқатга зид бўлган ёлғон ахборот тарқатмасликни сўраб қоламиз, — дейилади баёнотда.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилги пандемия даврида ўқув йилининг I ва II чоракларида юқорида санаб ўтилган фанларни вақтинчалик ўтмаслик тавсия этилганди. Ўша ўқув йилининг III чорагиданоқ эпидемиологик вазият барқарорлашгани, деярли барча мактаблар фаолияти йўлга қўйилиб, 5,6 млн нафар (90 фоиз) ўқувчилар анъанавий шаклда таълим олаётганли ҳамда кўпчилик ота-оналар ва педагогларнинг таклифларини инобатга олиниб, ушбу фанлар яна давом эттирила бошлаган.