6 январь куни Самарқанд вилояти Қўшработ туманида овқатдан заҳарланиш (ботулизм) бўйича 5 киши касалланиб, уларнинг 2 нафари вафот этди. Бу ҳақда Санитария-эпидемиология қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.

Овқатдан заҳарланишнинг энг оғир шаклларидан бири ботулизмдир. Бу касаллик оғир кечиши, ҳатто ўлимга ҳам олиб келиши мумкин. Афсуски, аҳоли ўртасида шунча огоҳлантириш ва тарғибот ишларига қарамасдан, ботулизм билан боғлиқ ачинарли ҳолатлар учрамоқда. Овқатдан заҳарланиш асосан уй шароитида тайёрланган консерва маҳсулотларини истеъмол қилиш оқибатида содир бўлади, — дейилади қўмита хабарида.

Самарқанд вилояти Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси фуқароларни қўлбола усулда тайёрланган ва сифати кафолатланмаган консерва маҳсулотларини истеъмол қилмасликка чақирди.